НКМКда ҳалок бўлган ишчилар шиналарни таъмирлаётган бўлган – комбинат
3-саҳифа
−
12:41 2595 2 дақиқа
Аввалроқ, QALAMPIR.UZ Навоий конь-металлургия комбинатида автоағдаргич шинаси портлаши оқибатида 2 киши ҳалок бўлгани ҳақида маълумот берган эди. Мазкур ҳодисада ҳалок бўлган ишчи ходимлар қувур ташувчи автомашинанинг тиркамасида шиномонтаж ишларини амалга ошираётгани маълум бўлди. Бу ҳақда комбинат ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса жорий йилнинг 10 сентябрь куни соат 15:00 ларда “Қизилқум” конь бошқармаси Автомобиль транспорти бошқармасининг “Пистали” 1-транспорт цехида содир бўлган. Цехнинг фойдаланишда бўлган автомобиль шиналарини сақлаш майдонида қувур ташувчи автомашинанинг тиркамасида шиномонтаж ишларини бажариш ишлари олиб борилаётган бўлган.
Шу вақтда бахтсиз ҳодиса содир бўлиб, шиналар ёрилган ҳамда бунинг оқибатида 2 нафар ишчи ходим вафот этган.
Билдирилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, назорат қилувчи давлат ташкилотлари томонидан махсус текшириш олиб борилиб, бахтсиз ҳодисанинг содир бўлиш ҳолатлари ва келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.
“Комбинатнинг масъул тегишли хизматлари ходимлари томонидан бундай бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш юзасидан зарурий чора-тадбирлар кўрилмоқда”, дейилади муносабатда.
Шу билан бирга, НКМК ахборот хизмати вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган. Бироқ аввалги хабарда айтилган бахтсиз ҳодиса оқибатида жароҳат олганларнинг сони ва аҳволи тўғрисида расмий муносабатда қайд этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, комбинатда бундай бахтсиз ҳодисалар тез-тез содир бўлади. Хусусан, жорий йилнинг 22 июль куни Навоий вилоятидаги “Мурунтов” конида “БелАЗ” русумли автоағдаргич ва Toyota русумли хизмат автомашинаси иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки нафар ишчи-ходим ҳалок бўлганди.
Live
Барчаси