ЙТҲлар ЙПХ ходими иштирокисиз расмийлаштирилади
Жамият
−
13 Февраль 2020
6464Эндиликда йўл-транспорт ҳодисалари Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари иштирокисиз расмийлаштирилади. Бу ҳақда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида келтириб ўтилган.
Ҳужжатга асосан йўл-транспорт ҳодисаларини расмийлаштиришнинг “Европротокол” тамойилларига асосланган соддалаштирилган тартиби 2020 йил 1 майга қадар амалиётга жорий этилади.
Лойиҳаларда:
• йўл-транспорт ҳодисаларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари иштирокисиз расмийлаштириш тартиби ва келиб чиққан зарарни тўлаш шартлари;
• йўл-транспорт ҳодисаси бўйича маъмурий баённома тузилмасдан, бу ҳақдаги маълумотлар (шу жумладан, суратга ёки видеога олиш орқали) унинг иштирокчилари томонидан хабарнома бланкасида акс эттирилиши ва суғурта ташкилотларига тақдим этилиши;
• йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этган транспорт воситалари суғурталовчилар талабига кўра кўрикдан ўтказиш ёки мустақил техника экспертизаси учун тақдим этилиши;
• йўл-транспорт ҳодисасини ички ишлар органлари ходимлари иштирокисиз расмийлаштириш юзасидан тўланадиган суғурта товонининг чекланган миқдорини белгилаш назарда тутилади.
Ижро учун масъуллар - ИИВ, Транспорт вазирлиги, Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги.