Нигерияда қайиқ ағдарилиб кетди. Ўнлаб болалар қурбон бўлди
Олам
−
08:40 780 2 дақиқа
Нигериянинг Сокото штатида одамлар ортиқча юкланган қайиқ ағдарилиши оқибатида камида 50 киши, асосан болалар, ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса кеча, 20 август куни штатнинг Горонио ҳудудидаги Горау қишлоғи яқинида содир бўлган. Миллий ички сув йўллари бошқармаси вакили Абдулқодир Юсуфнинг маълум қилишича, қутқарув ишлари ҳануз давом этмоқда.
Агентлик манбаси Гораудаги маҳаллий масжид ҳовлисида дафнга тайёрланган 50 нафар марҳумнинг жасадини кўрган. Жасадларнинг аксарияти тўшак ва анъанавий матоларга ўралган.
Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, қайиқда шоли йиғим-теримига бораётган фермерлар ва ишчилар бўлган. Уларнинг бири қайиқда 70 дан ортиқ одам бўлганини айтган бўлса, бошқа бир гувоҳ 57 киши борлигини маълум қилган.
Юсуфнинг айтишича, топилган жасадларнинг қарийб 40 нафари болалар бўлган. Сокото штатининг парламенти депутати Насиру Адаму эса қайиқдаги йўловчиларнинг аксарияти 10-15 ёшли болалар бўлганини, 16 киши қутқарилганини айтган.
Гувоҳ Шарҳабилу Килия қурбонлар сони 53 нафарга етганини маълум қилган.
“46 кишини дафн қилдик, ҳозир яна жасадлар олиб келинди. Қурбонлар сони 53 нафарга етди”, деган у.
Маълумот учун, Нигерияда қайиқ ҳалокатлари тез-тез учраб туради. Бунга қайиқларнинг меъёридан ортиқ одам билан юкланиши, техник хизмат кўрсатишнинг етарли эмаслиги ва хавфсизлик қоидалари назоратининг сустлиги, айниқса ёмғирли мавсумда, сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатнинг шимоли-шарқидаги Йобе штатида ҳам жорий йилнинг январь ойида қайиқдаги носозлик оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлган эди.
Live
Барчаси