Нигер исёнчилари Базумни давлатга хиёнатда айбламоқда – “Al Jazeera”
Олам
−
14 Август 2023
2525Исёнчилар томонидан тузилган ҳарбий кенгаш Нигернинг ҳокимиятдан ағдарилган Президенти Муҳаммад Базумга нисбатан давлатга хиёнат айбловини қўймоқчи. Бу ҳақда “Al Jazeera” телеканали хабар берди.
"Биз ҳокимиятдан ағдарилган президент ва унинг шерикларини давлатга хиёнат ва давлат хавфсизлигига таҳдид солганликда айблаб, жиноий жавобгарликка тортиш имконини берувчи далилларни тўпладик", дейилади исёнчилар баёнотида.
Кот-д’Ивуар Президенти Алассан Уаттара 10 август куни Абужада бўлиб ўтган Ғарбий Африка Иқтисодий Ҳамжамиятининг (ECOWAS) саммитидан қайтгач, ассоциацияга аъзо давлатлар раҳбарлари Нигерда иложи борича тезроқ ҳарбий амалиёт ўтказишга келишиб олганини маълум қилган.
Қўзғолончилар раҳбарлари, ўз навбатида, ECOWAS'нинг аралашувни бошлаш режалари ҳақидаги эълонлари нуқтаи назаридан армияни ҳушёр ҳолатга келтиришни буюрган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Нигердаги исёнчилар етакчиси, “Ватанни қутқариш миллий кенгаши” раиси Абдураҳмон Умар Чиани янги ҳукумат тузганди.
Нигердаги давлат тўнтариши
Нигер президент гвардиясининг бир гуруҳ ҳарбийлари (кейинчалик уларга мамлакат Қуролли кучлари қўмондонлиги ҳам қўшилди) жорий йилнинг 26 июль куни Президент Муҳаммад Базумни қўлга олди.
Президент гвардияси бошлиғи Абдураҳмон Чиани ўзини янги давлат раҳбари, деб эълон қилди. У тўнтаришни коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштиришга қарши курашиш истаги билан изоҳлаган.
Базумнинг ағдарилиши БМТ, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Африка Иттифоқи томонидан қораланган. Париж Франция конституциявий тузумни тиклаш ва ҳокимиятдан четлатилган Президент Базумни ҳокимиятга қайтаришга қаратилган барча минтақавий ташаббусларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
Шундан сўнг, Нигернинг ҳокимиятдан четлатилган Президенти Муҳаммад Базум эса АҚШ ва жаҳон ҳамжамиятига мамлакатда конституциявий тузумни тиклашга ёрдам бериш илтимоси билан мурожаат қилди.
Жорий йилнинг 30 июль куни Ғарбий Африка Давлатлари Иқтисодий Ҳамжамиятининг (ECOWAS) аъзолари Абужадаги саммитда Нигердаги давлат тўнтаришини қоралаган ва исёнчиларга конституциявий бошқарувни тиклаш учун бир ҳафта муҳлат берганди. Агар талаб бажарилмаса, куч ишлатиш билан таҳдид қилинганди. Кейинчалик Нигернинг Париждаги элчиси ECOWAS’га аъзо давлатлар Нигерда ҳарбий операцияга тайёргарлик кўраётганини айтди.
8 август куни АҚШ Давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд Нигерга ташриф буюриб, мамлакат Президентини ҳокимиятдан четлатган исёнчилар вакиллари билан учрашганди. Унинг ташрифи муваффақиятсиз бўлиб, у Президент Базум билан ҳам “Ватанни қутқариш миллий кенгаши”ни бошқарган генерал Абдураҳмон Чиани билан учраша олмай ортига қайтиб кетган.