“Аср ажрими”: кореялик миллиардер хиёнат сабабли хотинига $640 млн тўлайди

Олам

image

Жанубий Кореянинг энг йирик бизнесменларидан бири Чей Тэ-вон собиқ хотинига ажрим сабабли 640 миллион доллар тўлайдиган бўлди. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.

Жорий йилнинг 24 июль куни Жанубий Кореяда “аср ажрими” номини олган суд жараёни ўз ниҳоясига етди. Ишнинг марказида мамлакатнинг иккинчи йирик конгломерати бўлмиш SK Group (шу жумладан сунъий интеллект чиплари ишлаб чиқарувчи SK Hynix) директорлар кенгаши раиси, бойлиги 5,6 миллиард долларга баҳоланувчи миллиардер Чей Тэ-вон ҳамда унинг собиқ турмуш ўртоғи, Жанубий Кореянинг собиқ президенти Ро Тэ Унинг қизи Ро Со-ён турган эди. 

Ушбу шов-шувли ажрашув аслида 2015 йилда, Чей Тэ-воннинг ОАВга йўллаган очиқ хатидан сўнг бошланган эди. Миллиардер ўз хатида бошқа аёл билан никоҳсиз муносабатда бўлганини ва ундан фарзанд дунёга келганини очиқ тан олган, сўнг 2017 йилда ажрашиш бўйича расмий жараённи бошлаган.

Собиқ эр-хотин ўртасидаги 34 йиллик никоҳни бекор қилиш ва мол-мулкни бўлишиш бўйича суд жараёни деярли ўн йил давом этди. 2022 йилда қуйи инстанция суди Чейни собиқ хотинига 66,5 миллиард вон (қарийб 50 миллион доллар) тўлашга мажбур қилган бўлса, 2024 йилда Сеул Олий суди бу суммани кескин ошириб, рекорд даражадаги 1,38 триллион вонга етказди. Бироқ кейинги қайта кўриб чиқишлардан сўнг, Сеул Олий суди якуний тўлов суммасини 944 миллиард вон (тахминан 644 миллион доллар) қилиб белгилади. Бу сумма Жанубий Корея тарихидаги ажрашувлар бўйича энг йирик товон пули ҳисобланади.

Суд қарорида мол-мулкни бўлиш нисбати 33 фоизга 67 фоиз кўринишида (собиқ хотин фойдасига учдан бир қисми) тақсимланди. Тўловнинг бундай юқори белгиланишига сўнгги йилларда сунъий интеллект буми фонида SK Hynix компанияси акциялари қийматининг 2500 фоизга ўсгани асосий сабаб бўлди. Шу билан бирга, суд SK Group корпорациясидаги бошқарув назорати издан чиқмаслиги учун Чей Тэ-воннинг акцияларини тўғридан тўғри бўлиб бермасдан, компенсацияни нақд пул кўринишида тўлаш мажбуриятини юклади. Таҳлилчиларнинг билдиришича, миллиардер бу тўловни ўзининг асосий бўлмаган активларини сотиш ёки акцияларини гаровга қўйиб кредит олиш орқали амалга оширади.

Бундан ташқари, Чей Тэ-вон собиқ хотинига етказилган маънавий зарар учун алоҳида 2 миллиард вон компенсация тўлаши лозим. Шунингдек, Ро Со-ён миллиардернинг ҳозирги турмуш ўртоғига қарши очган алоҳида даъвоси бўйича ҳам муваффақиятга эришган ва суд Чей ҳамда унинг маъшуқасига биргаликда яна 2 миллиард вон миқдорида маънавий зарар ундиришни юклаган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг