Энди Афғонистонда хиёнат қилган аёллар тошбўрон қилинади
Олам
−
30 Март
7159Афғонистондаги муваққат ҳукумат – “Толибон”нинг олий етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода мамлакатда аёлларни оммавий қамчилаш ва хиёнат учун тошбўрон қилиш усуллари қайтарилишини маълум қилди. Бу ҳақда “The Guardian” ёзди.
“Биз аёлларни (хиёнати учун) қамчилаймиз ва омма олдида тошбўрон қиламиз”, дейди Охундзода.
У буни аёллар ҳуқуқларининг бузилиши деб ҳисоблайдиганларни "шайтоннинг хизматкорлари" деб атади.
“Сиз буни аёллар ҳуқуқларининг бузилиши деб аташингиз мумкин, чунки бу сизнинг демократик тамойилларингизга зид келади”, дейди у.
У бу ҳаракатни “Толибон”нинг Ғарб таъсирига қарши курашининг давоми деб баҳолаган.
“Толибон"нинг иши Қобулни эгаллаш билан тугамади, балки эндигина бошланди”, дейди Охундзода.
Адвокат ва Афғонистондаги “Аёллар умид ойнаси” ҳуқуқ ташкилоти раҳбари Сафия Арефининг айтишича, ушбу эълон афғон аёлларини 1990 йиллардаги “Толибон” ҳукмронлигининг энг қора кунларига қайтаради.
“Ҳозир афғон аёлларининг ёнида уларни қутқарадиган ҳеч ким турмаяпти. Халқаро ҳамжамият аёллар ҳуқуқларининг поймол этилишига қарши жим туришни маъқул кўрди”, дейди Арефи.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, мамлакатдаги 14 миллион аёл ва қизнинг қолган барча ҳуқуқ ва ҳимояларини йўқ қилиш ҳозир деярли якунланган.
Human Rights Watch ташкилотининг афғон тадқиқотчиси Саҳар Фетратнинг сўзларига кўра, икки йил аввал "Толибон"да аёлларни тошбўрон қилишга қасамёд қилишга жасорат бўлмаган, ҳозир эса у бор.
"Улар ўзларининг шафқатсиз сиёсатларини бирма-бир синаб кўрди ва шу нуқтага келди, чунки уларни суиистеъмол қилишлари учун жавобгарликка тортадиган ҳеч ким йўқ", дейди у.
Афғонистондаги инсон ҳуқуқларини кузатувчи тадқиқот гуруҳига кўра, биргина ўтган йилнинг ўзида “Толибон” томонидан тайинланган судьялар 417 нафар шахсни оммавий калтаклаш ва қатл этишга буйруқ берган. Шулардан 57 нафари аёллар эди.
LiveБарчаси