Нигердаги исёнчилар янги ҳукумат тузди

Олам

image

Нигердаги исёнчилар етакчиси, “Ватанни қутқариш миллий кенгаши” раиси Абдураҳмон Умар Чиани янги ҳукумат тузиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда “ActuNiger” ахборот портали хабар берди.

Ҳукумат таркибига 20 та вазир – ҳарбийлар ва фуқаролар киритилган.

Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Али Ламин Зейн Иқтисодиёт ва молия вазири, “Ватанни қутқариш миллий кенгаши” раҳбарларидан бири генерал-лейтенант Салифу Моди Миллий мудофаа вазири бўлган. Бригада генерали Мохамед Тумба Ички ишлар, жамоат хавфсизлиги ва ҳудудий бошқарув вазири этиб тайинланган. 

Шунингдек, қуйидагилар:

  • Адлия ва инсон ҳуқуқлари вазири –  Алио Дауда;
  • Ташқи ишлар вазири – Бакари Яу Сангаре;
  • Нефть-кон ва энергетика вазири – Махаман Мустафа Барке;
  • Савдо ва саноат вазири – Сейду Асман:
  • Алоқа, почта ва рақамли иқтисодиёт вазири – Сиди Мохамед Ралиу;
  • Қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик вазири – Махаман Эльхадж Усман;
  • Соғлиқни сақлаш, аҳоли ва ижтимоий масалалар вазири – полковник Гарба Хакими;
  • Ёшлар ва спорт вазири – полковник Абдурахаман Амаду;
  • Транспорт ва техника вазири – полковник Салиссу Махаман Салиссу;
  • Ҳунармандчилик ва туризм вазири этиб Гишен Агайчату Атта тайинланган.

Нигердаги давлат тўнтариши 

Нигер президент гвардиясининг бир гуруҳ ҳарбийлари (кейинчалик уларга мамлакат Қуролли кучлари қўмондонлиги ҳам қўшилди) жорий йилнинг 26 июль куни Президент Муҳаммад Базумни қўлга олди.

Президент гвардияси бошлиғи Абдураҳмон Чиани ўзини янги давлат раҳбари, деб эълон қилди. У тўнтаришни коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштиришга қарши курашиш истаги билан изоҳлаган.

Базумнинг ағдарилиши БМТ, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Африка Иттифоқи томонидан қораланган. Париж Франция конституциявий тузумни тиклаш ва ҳокимиятдан четлатилган Президент Базумни ҳокимиятга қайтаришга қаратилган барча минтақавий ташаббусларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

Шундан сўнг, Нигернинг ҳокимиятдан четлатилган Президенти Муҳаммад Базум эса АҚШ ва жаҳон ҳамжамиятига мамлакатда конституциявий тузумни тиклашга ёрдам бериш илтимоси билан мурожаат қилди.

Жорий йилнинг 30 июль куни Ғарбий Африка Давлатлари Иқтисодий Ҳамжамиятининг (ECOWAS) аъзолари Абужадаги саммитда Нигердаги давлат тўнтаришини қоралаган ва исёнчиларга конституциявий бошқарувни тиклаш учун бир ҳафта муҳлат берганди. Агар талаб бажарилмаса, куч ишлатиш билан таҳдид қилинганди. Кейинчалик Нигернинг Париждаги элчиси ECOWAS’га аъзо давлатлар Нигерда ҳарбий операцияга тайёргарлик кўраётганини айтди.

8 август куни АҚШ Давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд Нигерга ташриф буюриб, мамлакат Президентини ҳокимиятдан четлатган исёнчилар вакиллари билан учрашганди. Унинг ташрифи муваффақиятсиз бўлиб, у Президент Базум билан ҳам “Ватанни қутқариш миллий кенгаши”ни бошқарган генерал Абдураҳмон Чиани билан учраша олмай ортига қайтиб кетган.


Мақола муаллифи

Теглар

янги ҳукумат Нигер исёнчилар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг