Нейтрал Швейцария Европанинг ҳарбий лойиҳасига қўшилди
Олам
−
18 Октябрь
2276Нейтрал мақомдаги Швейцария бутун Европа бўйлаб ягона ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимини яратишга қаратилган “Sky Shield” лойиҳасига қўшилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 17 октябрь куни мамлакат Қурол-яроғ раҳбари Урс Лоҳер лойиҳага қўшилиш декларациясини имзолаган ва Швейцария “Sky Shield”нинг 15-аъзоси бўлган. Ушбу лойиҳа бутун Европа бўйлаб ягона ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимини яратишга қаратилган. Тизим Германия томонидан Россиянинг Украинага бостириб киришидан сўнг ишга туширилган бўлиб, Европа давлатларига мудофаа тизимларини биргаликда сотиб олиш ва машғулотлар ўтказиш имконини беради.
“ESSI’да иштирок этиш билан Швейцария халқаро ҳамкорлик имкониятларини оширмоқда: ESSI ерга асосланган ҳаво мудофааси соҳасида харид лойиҳалари, машғулотлар ва логистика жиҳатларини яхшироқ мувофиқлаштириш имконини беради", дейилади ҳукумат баёнотида.
Унга кўра, дастлабки эътибор ўрта масофали ҳаво мудофааси тизимига қаратилган бўлса-да, келгусида қисқа ва узоқ масофали ҳаво мудофааси бўйича ҳам ҳамкорлик қилиниши мумкин.
Нашрнинг ёзишича, ушбу лойиҳа Швейцарияда баҳсли бўлиб, қаршилик билдираётганлар унинг нейтраллик анъаналарига зид эканини таъкидламоқда. Ҳукумат эса лойиҳа мамлакатнинг нейтрал мақоми билан мос келишини, чунки унда ҳеч қандай мажбуриятлар мавжуд эмаслигини ва мамлакат қайси даражада ва қаерда иштирок этишни ўзи ҳал қилиши мумкинлигини маълум қилган. Хусусан, агар “Sky Shield” аъзоларидан бири урушга аралашса, Швейцария ҳамкорликни тўхтатиши мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Швейцария Хавфсизлик комиссияси Россия томонидан қилинаётган таҳдид туфайли мамлакатнинг 1515 йилдан бери сақлаб келаётган бетарафлик сиёсатини қайта кўриб чиқишга чақираётгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь