Неймар Бразилия терма жамоасига қайтмаслиги мумкин 

Спорт

image

Бразилиянинг “Сантос” футбол клуби Бразилия футбол конфедерацияси (CBF)га Неймар сон мушакларининг шишиб қолганини маълум қилди. Мазкур ҳолат сабаб Неймарнинг Бразилия терма жамоасига қайтиши амалга ошмаслиги мумкин. Бразилиялик юлдуз 21 август куни машғулотлар вақтида оғриқ сезган, тиббий кўриклардан сўнг футболчида жароҳат аниқланган. Бу ҳақда “Globo” нашри хабар берди.

Бундан аввалроқ эса Бразилия термаси бош мураббийси Карло Анчелоттининг 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичининг сўнгги ўйинлари учун кенгайтирилган таркибида Неймарнинг борлиги ҳақида маълумотлар тарқалган эди.

“Сантос” жамоаси 31 август куни “Вила Белмиро” стадионида “Флуминенсе” клубига қарши майдонга тушади. Неймар ҳозирда даволаниш жараёнини бошлаган. Футболчи айни пайтда клубнинг тиббий бўлимида назоратда бўлиб, яқин ҳафтада машғулотларда иштирок этолмайди.

Яқинда Неймар кетма-кет 90 дақиқалик 7 ўйинда тўлиқ қатнашди. Жумладан, “Минеирао” стадионида “Крузейро” жамоаси  устидан 2:1 ҳисобидаги ғалабали ўйинда у деярли бутун ўйинни ўтказиб, фақат қўшиб берилган дақиқаларда алмаштирилди. Бу натижа унинг 2025 йилги мавсумда  энг яхши серияларидан бири бўлди.

Маълумот учун, Жанубий Америка саралаш босқичида 25 очко жамғарган Бразилия терма жамоаси ҳозирда 3-ўринда бормоқда ва жаҳон чемпионати йўлланмасини муддатдан аввал қўлга киритган. Анчелотти шогирдлари 4 сентябрь куни “Маракана” стадионида Чили ва 9-сентябрь куни Эл-Алто шаҳрида Боливия терма жамоалари билан баҳс олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, 17 август куни “Сантос” клуби ҳужумчиси Неймар ўз жамоасининг уй ўйинида “Васко да Гама”дан йирик ҳисобда (6:0) мағлуб бўлганидан кейин майдонни кўз ёшлари билан тарк этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Неймар Бразилия Карло Анчелотти Сантос

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг