Нетаньяху ва Путин қарийб бир соат телефонда нимани гаплашди?
Олам
−
10 Декабрь 2023
19187Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Исроилнинг "Кан" давлат радиоси хабар берди.
Радиостанция маълумотларига кўра, уларнинг суҳбати 50 дақиқа давом этган.
“Нетаньяху Россия Президенти Владимир Путин билан 50 дақиқа гаплашиш учун Вазирлар Маҳкамаси йиғилишини тарк этди”, дейилади хабарда.
Айтилишча, асосий эътибор Фаластиндаги кескин вазият, хусусан, Ғазо секторидаги ҳалокатли гуманитар инқирозга қаратилган.
Владимир Путин терроризмнинг барча кўринишларини қабул қилмаслик ва қоралаш ҳақидаги принципиал позициясини билдирган ва бундай таҳдидларга қарши курашиш жараёнида тинч аҳолининг жабр чекмаслиги ниҳоятда муҳим эканини таъкидлаган.
Суҳбат давомида Россия томони тинч аҳолининг азоб-уқубатларини енгиллаштириш ва можаронинг кескинлигини юмшатиш учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканини қайд этган.
Бош вазир Беньямин Нетаньяху Россия ва Эрон ўртасидаги хавфли ҳамкорликни кескин танқид қилган.
Бундан ташқари, икки етакчи Россия фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини эвакуация қилиш, шунингдек, Ғазода сақланаётган исроилликларни озод қилиш масалалари бўйича алоқаларни давом эттиришга келишиб олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Путин Ғарб Россияни ҳеч қачон тор-мор этолмаслиги ҳақида айтган эди.
LiveБарчаси