Нетаньяху Қатарга яна зарба бериш билан таҳдид қилди

Олам

image

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Қатарга мурожаат қилиб, уларни “террористларга жой беришда” айблади ва ҲАМАС раҳбарларини мамлакатдан чиқариш ёки судга топширишга чақирди. Бош вазирнинг бу ҳақдаги сўзлари мамлакат ҳукуматининг сайтида келтирилди.

Бош вазирга кўра, агар Қатар томонидан ҲАМАС етакчилари чиқариб юборилмаса, Исроил ўзи билган чораларни қўллайди. 

Нетаньяху Қатарнинг ҲАМАСни молиявий қўллаб-қувватлашини, уларнинг етакчиларига ҳашаматли виллалар ва хавфсиз бошпана тақдим этганини иддао қилиб, бу ишларни қаттиқ қоралаган. Шунингдек, у 2023 йил 7 октябрдаги теракт учун масъул бўлганларни айнан Доҳада ҳимоя қилинаётганини таъкидлаган. 

Бу баёнотлар 9 сентябрь куни Исроилнинг Доҳага уюштирган ҳаво ҳужумидан кейин янгради. Ўша пайтда ҲАМАС раҳбарлари у ерда сулҳ бўйича музокаралар олиб бораётган эди.

Қатар ўз навбатида бу ҳужумни “давлат терроризми” деб атаб, Нетаньяхуни минтақадаги барқарорликни чил-парчин қилишда айблаган. Қўшма Штатлар Президенти Дональд Трамп ҳам Исроил зарбасидан “мамнун эмаслигини” айтган. Трампнинг қўшимча қилишича, Исроилнинг бу юришида АҚШнинг қўли йўқ.

Хулоса қилиб айтганда, бу воқеа Қатарнинг ҲАМАС билан музокараларда воситачи сифатидаги роли ва Исроилнинг кескин қарши позицияси фонида катта дипломатик инқироз келтириб чиқарди. Қатар воситачи бўлишдан маълум муддат тийилишини билдирди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг Доҳа шаҳридаги тураржой ҳудудига уюштирган ҳужумларини қоралашини билдириб, баёнот билан чиққанди. Вазирлик бундай хатти-ҳаракатлар мутлақо номақбул бўлиб, БМТ Низомини ҳамда халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёр ва тамойилларини жиддий равишда менсимаслик ҳисобланишини қайд этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Доҳа Қатар ҲАМАС Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг