Нетаньяху Ғазода Фаластин давлати бўлмаслигини айтди (видео)

Олам

image

Ғазо сектори демилитаризация қилинмагунча уни тиклаш амалга оширилмайди, шунингдек, мазкур ҳудудда Фаластин давлати ташкил этилмайди. Бу ҳақда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Фаластин-Исроил можаросини ҳал этиш бўйича режасининг иккинчи босқичига изоҳ берар экан маълум қилди.

“Мен Ғазони демилитаризация қилишдан олдин уни тиклашга рухсат берилади, деган баёнотларни эшитяпман. Бу содир бўлмайди. Ғазога Туркия ва Қатар аскарларини киритамиз, деган гапларни ҳам эшитдим. Бу ҳам бўлмайди. Мен Ғазода Фаластин давлати тузилишига рухсат бераман, деган гапларни ҳам эшитдим. Бу бўлмаган ва бўлмайди ҳам”, дейди Нетаньяху.

Унинг айтишича, Исроил ХАМАСнинг қурол-яроғларини йўқ қилиш, Ғазо секторини қурол ва туннеллардан тозалашга эътибор қаратмоқда. Бу осон ёки қийин йўл билан бўладими – барибир амалга ошади.

Исроил Бош вазири у бир неча бор Фаластин давлати ташкил этилишига тўсқинлик қилганини ҳам қайд этган. Бунгача у Исроил Иордан дарёси билан Ўрта ер денгизи оралиғидаги бутун ҳудуд, жумладан, Ғазо сектори устидан назоратни сақлаб қолишини айтган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 13 октябрь куни АҚШ, Миср ва Туркия етакчилари Шарм-аш-Шайхда Исроил ва ХАМАС ўртасида воситачилик қилиб, Ғазодаги урушни тўхтатиш бўйича келишувни имзолаган эди. Ноябрь ойида эса БМТ Хавфсизлик Кенгаши АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан таклиф этилган Ғазо сектори бўйича тинчлик режасини маъқуллади.

Жорий йилнинг 14 январь куни АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф Ғазо секторида Фаластин-Исроил можаросини ҳал этиш бўйича Трамп режасининг иккинчи босқичи амалга оширила бошлаганини эълон қилди. У мазкур ҳудудда ўтиш даври маъмурияти ва Ғазони бошқариш бўйича Миллий қўмита (NCAG) тузиш, шунингдек, ноқонуний қуролли тузилмалар аъзоларини қуролсизлантиришни ўз ичига олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Фаластин Ғазо Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг