Нетаньяху БМТ минбарида Фаластин ерлари “Исроил” деб кўрсатилган хариталарни намойиш қилди
Олам
−
28 Сентябрь
12129Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху кеча, 27 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг делегациялар чун ажратилган ўриндиқларнинг катта қисми бўш қолган йиғилишида қилган чиқишида халқаро ҳуқуқ доирасида Фаластин ҳудуди бўлган Шарқий Қуддус, Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторини “Исроил” деб белгилаган хариталардан фойдаланди.
У “барака“ ва “лаънат” сўзлари ёзилган хариталарни кўрсатди. Нетаньяху 2023 йилда ҳам БМТда кўрсатганини айтган “барака“ харитасида у бу сафар Ҳиндистондан Яқин Шарқ ва Исроил орқали ўтадиган логистика кўприги чизилган. Бу ҳаритада Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Миср ва Судан яшил рангда белгиланган. Нетаньяху “Лаънат” харитаси деб таништирган иккинчи расмда эса Эрон, Сурия, Ироқ ва Яман қора рангда тасвирланган.
Хариталарни ушлаб турган Нетаньяху дунё "барака" ва "лаънат" ўртасида танлов қилиши кераклигини айтди. Иккала харитада ҳам Ғазо ва Ғарбий Соҳил Исроил ҳудуди сифатида кўрсатилган.
Нетаньяху минбарга чиқиши биланоқ кўплаб давлатлар вакиллари норозилик сифатида Бош Ассамблея залини тарк этди, айрим давлатлар делегациялари эса сессияда умуман қатнашмади.
Нетаньяху БМТ минбаридан туриб, "ҲАМАС 7 октябрда чақалоқларни ёқиб юборди" деган ёлғонни такрорлади. Тахминан бир йил аввал Исроил армиясининг ўзи бундай баёнотни рад этганди.
Бош вазир Исроил томонидан ўлдирилган аёллар, болалар ва қарияларни тилга олмай, Ғазо ва Ливанда “ўзларини ҳимоя қилганини” даъво қилди. Ғазо секторида қарийб бир йилдан бери давом этаётган ҳужумларда 16 500 дан ортиқ бола ва 11 000 дан ортиқ аёл ҳалок бўлганига қарамай, Нетаньяху "Исроил армияси тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишининг олдини олишга ҳаракат қилаёт”ганини иддао қилди.
Нетаньяху мамлакати Саудия Арабистони билан нормаллаштириш шартномасини имзоламоқчи эканлигини айтди ва бу “Яқин Шарққа тинчлик олиб келишини” таъкидлади. Эътиборлиси, Нетаньяху нутқи давомида Бош Ассамблея залида Саудия Арабистони делегацияси бўлмаган.
Тахминан 34 дақиқа давом этган нутқида у асосан Эронни айблади ва Ғазо ва Ливанга қилинган ҳужумларни оқлади. Бош вазирнинг таъкидлашича, улар 2023 йил 7 октябрдан бери Эроннинг ишончли кучлари билан 7 та фронтда курашмоқда.
“Менинг Эронга бир хабарим бор: агар сиз бизга зарба берсангиз, биз ҳам сизга зарба берамиз. Яқин Шарқда биз етиб боролмайдиган жой йўқ”, дея таҳдид қилди Нетаньяху Теҳронга.
У дунё давлатларини Эрон ядровий дастурига қарши курашда Исроилни қўллаб-қувватлашга чақирди:
“Исроил Эрон ядро қуролига эга бўлишининг олдини олиш учун ҳамма нарсани қилади”.
Шунингдек, Нетаньяху Исроилнинг Ливанга ҳужум қилишда давом этишини очиқ қилиб, “Ҳизбуллоҳ”нинг ракеталарини Ғазода бўлгани каби шифохоналар, мактаблар ва уйларда яшираётганини айтиб, бу жойлар нишонга олиниши мумкинлигини назарда тутди.
Исроил Бош вазирининг қўшимча қилишича, улар “Ҳизбуллоҳ”нинг ракета имкониятларини катта даражада йўқ қилган ва “барча мақсадларига эришилгунга қадар “Ҳизбуллоҳ”ни орқага суришда давом этади”.
Исроил Бош вазири ўз нутқининг бир қисмини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўзини танқид қилишга бағишлаб, уни “зулмат уйи”, “антисемит сафро ботқоғи”, деб атади ва халқаро ташкилотдан Исроилга бошқа давлатлар каби муносабатда бўлишни талаб қилди.
LiveБарчаси