Исроил Исмоил Хониянинг ўлимига алоқадорлигини тан олди
Олам
−
24 Декабрь
2838Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац жорий йилнинг июль ойида Теҳронда ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хониянинг ўлдирилиши ортида Исроил расмийлари турганини биринчи марта тан олди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Исроил Мудофаа вазири Яман хусийлари томонидан Исроилни ўққа тутиши ҳақида фикр билдирди:
“Биз (Исмоил) Хония, (Яҳё) Синвар ва (Ҳасан) Насруллоҳга Теҳрон, Ғазо ва Ливанда қилганимиздек, Ҳодейда ва Санода ҳам шундай қиламиз“, деди у бу йил ўлдирилган “Ҳизбуллоҳ“ ва ҲАМАСнинг икки етакчисини назарда тутиб.
Маълумот учун, 62 ёшли Хония 31 июль куни Эрон Президенти Масъуд Пезешкиённинг инаугурациясига борганида Теҳрондаги қароргоҳида ўлдирилган эди. Тахминларга кўра, у турган уй ҳаво ҳужумига учраган.
Унинг ўлимидан сўнг, ҲАМАС Яҳё Синварни ўзининг янги раҳбари этиб сайлади. У октябрь ойида Ғазо секторида Исроил қўшинлари томонидан ўлдирилган. Ундан аввал, “Ҳизбуллоҳ“ етакчиси Ҳасан Насруллоҳ сентябрь ойида ўлдирилганди.
Яман шимоли-ғарбини назорат қилувчи ҳусийчилар ўтган йил октябрь ойида Исроил Ғазода ҲАМАСга қарши амалиёт бошлаганидан кўп вақт ўтмай Қизил денгизда исроилликларнинг ва бошқа давлатларнинг кемаларига ҳужумлар уюштиришни, шунингдек, Исроил ҳудуди бўйлаб ракета ва дронлар учиришни бошлаганди.
Шу билан бирга, Яман қуролли кучлари босиб олинган Фаластиннинг Ашдод яқинида жойлашган Явне шаҳрида Исроилнинг нозик нишонига учувчисиз самолёт билан ҳужум қилиб, ҳарбий амалиёт ўтказганлиги ҳақида маълумот берди.
Жорий йилнинг ноябрь ойида Исроил Ямандаги ҳарбий объектлар бўйлаб зарбалар йўллаб, портни аниқ нишонга олгани маълум бўлди. АҚШ ва Буюк Британия ҳам халқаро кемачиликни муҳофаза қилиш бўйича амалиёт доирасида ҳусийчиларнинг нишонларига ҳужум қилган.
Ўтган ҳафта 21 декабрь куни Исроилнинг “Темир гумбаз” тизими яманлик ҳусийлар томонидан Тель-Авивга йўлланган баллистик ракетани ушлаб қола олмагани ва снаряд шаҳар марказидаги болалар майдончасига қулади.
Моҳимбегим Маъруфалиева
LiveБарчаси