Исроил “Ҳизбуллоҳ” пейжерларини портлатиш учун 10 йил тайёргарлик кўрган
Олам
−
23 Декабрь
2309Исроилнинг “Моссад” разведка хизмати собиқ ходимлари “Ҳизбуллоҳ” аъзоларининг алоқа воситаларини портлатиш бўйича операция тафсилотларини ошкор қилди. Бу ҳақда улар CBS News телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
Уларнинг айтишича, 2022 йилдан бошлаб Исроил махсус хизмати алоқа воситаси сифатида фойдаланиладиган пейжерларга етарлича портловчи модда жойлаштириш имконини берувчи моделни ишлаб чиқишни бошлаган. “Ҳизбуллоҳ” ташкилотини айнан шу пейжерларни сотиб олишга ундаш учун “Моссад” YouTube платформасида махсус рекламани ишга туширган ва интернетда сохта харидорлар шарҳларини жойлаштирган. Операция раҳбари бўлган суҳбатдошнинг таъкидлашича, разведка хизматлари қурилмаларни ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини йўлга қўйиб, сохта компаниялар орқали Тайваннинг Gold Apollo компанияси билан лицензион ҳамкорликни ташкил қилган. Ушбу сохта компаниялардан бири Венгриядаги фирма бўлган.
Бошқа собиқ разведка ходимининг сўзларига кўра, пейжерларни қуролга айлантириш бўйича ишлар уларни портлатишдан 10 йил олдин бошланган. Унинг қўшимча қилишича, Исроил разведкаси сохта компаниялар орқали “Ҳизбуллоҳ”га 16 мингдан ортиқ портловчи модда билан тўлдирилган алоқа воситаларини сотган. Қурилмалар манекенлар устида синовдан ўтказилиб, портлашнинг кучи фақат фойдаланувчига зарар етказиб, атрофдаги одамларга таъсир қилмаслигини таъминлаган.
Махсус хизмат вакиллари ушбу операция Исроилга “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатини сезиларли даражада заифлаштириш имконини берганини таъкидлаган. Уларнинг айтишича, “Моссад” “Ҳизбуллоҳ”га қарши курашни тўхтатмоқчи эмас.
“Биз уларни ўзларини заиф ҳис қилишларини истаймиз, чунки улар ҳақиқатан ҳам шундай. Биз пейжерлардан энди фойдалана олмаймиз, чунки улар аллақачон ишлатиб бўлинди. Энди бошқа нарсалар билан шуғулланмоқдамиз ва улар нима бўлишини тахмин қилишларига тўғри келади”, деди ўзини сохта исм билан Майкл деб таништирган суҳбатдош.
Эслатиб ўтамиз, 17 ва 18 сентябрь кунлари Ливанда кўплаб алоқа воситалари портлаб кетган эди. Биринчи куни мамлакатнинг турли ҳудудларида катта миқдордаги пейжерлар деярли бир вақтнинг ўзида портлади. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида 12 киши, жумладан 2 бола ҳалок бўлган, 2 мингдан ортиқ киши жароҳат олган. Кейинги куни Ливаннинг бир неча ҳудудида радиостанциялар, телефонлар, шунингдек, қуёш батареялари ва литий-ионли аккумуляторлар ишлатиладиган қурилмалар портлаган. Такрорий ҳужум оқибатида 25 киши ҳалок бўлган, 608 киши жароҳатланган.