Нетаньяху ҳокимиятда қолиш учун бутун минтақани хавфга қўймоқда – Эрдўған
Олам
−
05 Декабрь 2023
4969Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху маъмурияти Ғазодаги ҳарбий амалиёт орқали ўзининг сиёсий ҳаётини узайтирмоқчи экани, аммо бу билан бутун Яқин Шарқ минтақасини хавф остига қўяётганини айтиб ўтди. Бу ҳақда у Доҳада бўлиб ўтган Форс кўрфази давлатлари раҳбарлари саммитида сўз очди.
"Нетаньяху маъмурияти инсониятга қарши қатлиом ва уруш жиноятларини амалга ошириш орқали ўзининг сиёсий ҳаётини узайтирмоқчи, лекин бу бутун минтақамизни хавф остига қўймоқда. Унинг бу жиноятлари жазосиз қолмаслиги керак", деган Эрдўған.
Эрдўғаннинг айтишича, Туркия Ғазога инсонпарварлик ёрдами билан икки самолёт ва икки фуқаролик кемасини жўнатган, касал ва ярадорларни даволаш учун ўз ҳудудига олиб ўтган.
Президент Анқаранинг устувор йўналиши Ғазода ўт очишни тезда тўхтатиш, барқарор тинчликни таъминлаш, минтақага гуманитар ёрдамни тўсиқсиз етказиш ва Фаластин муаммосини икки давлат тамойили асосида ҳал этиш эканини таъкидлаган.
"Сўнгги воқеалар 1967 йилги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини яратиш зарурлигини тасдиқлади", дейди у.
Шунингдек, Эрдўған Фаластин-Исроил можаросининг Сурияга тарқалишини қабул қилиб бўлмаслигини қўшимча қилди.
"Ғазодаги қирғин Сурияни қамраб оладиган урушга айланишига йўл қўймаслигимиз керак", дейди Туркия раҳбари.
Маълумот учун, Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши давлатлари етакчилари бугунги саммитда Ғазо секторини қайта тиклаш учун қўшимча 1,6 миллиард доллар ажратишга ваъда берган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 4 декабрь куни Қуддус округ судида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга қарши коррупция бўйича суд жараёни яна ўз ишини бошлаганди. У уч йилдан ортиқ вақтдан бери давом этаёган судда фирибгарлик, халқ ишончини суиистеъмол қилиш ва пора олишда айбланмоқда.
LiveБарчаси