Непалда яна сув балоси: 5 киши бедарак йўқолди, 49 киши қутқарилди
Олам
−
12:57 542 2 дақиқа
Кеча, 11 октябрь куни кўчки сабабли дарё ўзани тўсилиб қолиши оқибатида Непалнинг марказий қисмида юз берган сув тошқинидан сўнг камида 5 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Ҳарбий хизматчилар 49 кишини, жумладан, фуқаролиги номаълум бир нафар чет элликни қутқарди. Бу ҳақда “Синьхуа” хабар берди.
Қайд этилишича, сув сатҳининг янада кўтарилиши хавфи фонида расмийлар соҳилбўйи аҳоли пунктлари аҳолисини хавфли ҳудудларни тарк этишга ва хавфсиз ҳудудларга кўчишга чақирган. Дaстлабки маълумотларга кўра, аҳоли орасида қурбонлар ҳозирча қайд этилмаган.
Фавқулодда ҳолатга Катмандудан тахминан 100 км ғарбда жойлашган Горкха округининг Чумнубри қишлоғида содир бўлган кўчки сабаб бўлган. Сирпаниб тушган тупроқ массалари Будҳи Гандаки дарёсини тўсиб қўйган, оқибатда сув қирғоқларидан чиқиб, оқим бўйлаб пастда жойлашган ҳудудларни сув босган.
Сув тошқини тураржой ва транспорт инфратузилмасининг сезиларли даражада вайрон бўлишига олиб келган. Офатлар хавфини камайтириш миллий бошқармаси маълумотларига кўра, сув оқимлари ўнтага яқин уйни ва иккита осма кўприкни вайрон қилган. Шунингдек, гидроэлектр станцияси лагери зарар кўрган, объектдаги қурилиш ускуналарининг бир қисмини сув оқизиб кетган.
Горкҳа округи маъмурияти вакили Дҳармендра Кумар Мишранинг маълум қилишича, маҳаллий ҳокимият органлари дарё бўйидаги аҳоли пунктлари яшовчиларини зудлик билан эвакуация қилиш зарурлиги ҳақида огоҳлантирган.
Будҳи Гандакининг Тришули дарёси ҳавзасида жойлашгани алоҳида хавотир уйғотмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида ушбу минтақада йирик табиий офат юз берган эди. Ўшанда ирмоқлардан бирида музликнинг ўпирилиб тушиши вайронкор сув тошқинини келтириб чиқариб, 1457 кишининг ҳаётига зомин бўлган эди. Ушбу офатдан сўнг минглаб одамлар бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь