Назарбоевнинг катта сири фош бўлди. Миллиардлар кимники?

Олам

image

Қозоғистоннинг Биринчи Президенти ва Хавфсизлик кенгашининг собиқ раҳбари Нурсултон Назарбоев камида саккиз миллиард долларлик активларни бошқаради. Бу ҳақда OCCRP тадқиқотчи журналистлар уюшмаси Қозоғистоннинг “Kloop” ва “Власть” нашрлари билан ҳамкорликда ўтказган тадқиқотида айтилади. 

Тадқиқот муаллифларига кўра, Назарбоев президентлик даврида тўртта хайрия жамғармасига асос солган. Гап “Назарбоев жамғармаси”, “Нурсултон Назарбоев жамғармаси”, “Демеу жамғармаси” ва “Элбоши жамғармаси” ҳақида бормоқда. Журналистларнинг таъкидлашича, собиқ Президент уларни шу кунгача яширинча бошқаришда давом этмоқда. 

Ушбу жамғармалар қўлидаги активлар рўйхатига Қозоғистон, Қирғизистон ва Россиядаги банклар, телеканаллар, меҳмонхоналар, савдо марказлари, фабрикалар, омборлар, қиймати 100 миллион доллардан ортиқ бўлган шахсий самолёт, гольф майдончаси, облигациялар, нақд пул ва бир қатор қўшимча объектлар, жумладан, макарон заводи ва ободонлаштириш компанияси киради. 

Таъкидланишича, кўп миллиард долларлик активлар расмий равишда Назарбоевга тегишли эмас, балки тўғридан-тўғри жамғармаларга тегишли, аммо сиёсатчи уларни ушбу ташкилотларнинг асосчиси сифатида назорат қилади. У маблағларнинг ишлатилиши, шу жумладан активларни сотиш ёки топшириш бўйича якуний қарорларни қабул қилади. 

Тергов муаллифлари собиқ Президентнинг Матбуот котибига мурожаат қилишган, бироқ у журналистларнинг саволларига жавоб беришдан бош тортган. Тўртта хайрия жамғармасидан учтаси шундай йўл тутган. Охирги ташкилот, активлар сиёсатчига фойда келтирмайди, чунки фонд Назарбоев номидаги хайрия ташкилотларини молиялаштиради, деб жавоб берган. 

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда мамлакатнинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев ва оиласини дахлсизлик ҳуқуқларидан маҳрум этиш талаби билан петиция ташкил этилганди.  

Назарбоев атрофида нималар содир бўляпти? 

18 январь куни халққа видеомурожаат билан чиққан Назарбоев Қозоғистонда жорий йилнинг илк кунларида содир бўлган қонли тўқнашувлар бошланганидан буён илк маротаба оммага кўриниш берди. Назарбоевнинг видеомурожаати унинг You Tube’даги Матбуот хизмати расмий каналида эълон қилинган.

Мурожаатда собиқ президент "Мен 2019 йили ўз ваколатларимни Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга топширганман. Ўшандан бери пенсионер ҳисобланаман. Айни дамда Қозоғистон пойтахтида дам оляпман ва ҳеч қаерга кетганим йўқ", дея билдирган.

У яна бутун қозоқ халқини ҳозирги таҳликали вазиятда мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев атрофида бирлашишга чақирган.

Охирги кунларда Биринчи Президент Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзолари атрофидаги гап-сўзлар соат сайин ортди. Бунга ҳамоҳанг тарзда охирги машмашалар фонида Назарбоев ва оиласи муносабат билдирмади. Олма-отада эса унинг собиқ қароргоҳига ўт қўйилди, ҳайкали ағдарилди. Мураккаб вазият бироз тин олгач, Назарбоев яна пайдо бўлди. Тўғрироғи, унинг матбуот котиби Назарбоевнинг Нур-Султондалигини айтиб, Элбоши номидан халқни Президент Тўқаев атрофида бирлашишга чақирди. 

Аввалроқ, Қозоғистон собиқ Президентининг кенжа қизи Алия Назарбоева Instagram ижтимоий тармоғидаги аккаунти орқали БААда экани аниқланганди. Бироқ бундан кўп ўтмай, унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ўчириб ташланди.

2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент видеомурожаат йўллашдан бошқа, ҳозиргача ҳеч ерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Унинг коронавирусга чалингани ва касаллик сабаб таътилда экани айтилди.

Назарбоевнинг куёвлари: Алиянинг (кенжа қизи) турмуш ўртоғи Димаш Досанов “Казтрансойл” АЖ раҳбаригидан, Дариғанинг (тўнғич қизи) турмуш ўртоғи Кайрат Шарипбаев “QazaqGaz” миллий компанияси АЖ раҳбарлигидан кетди. 17 январь куни ўртанча қиз Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимини тарк этди. 

Шунингдек, Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоевнинг узоқ йиллик ҳамкори, мамалакат Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раиси Карим Масимов давлатга хиёнат қилиш факти бўйича ҳибсга олинди. Карим Масимовдан ташқари, МХҚ раисининг собиқ ўринбосари – “А”, Махсус мақсадли хизмат бўлими бошлиғи А.Садиқулов ва МХҚ раиси ўринбосари Д.Ергожинлар ҳам қўлга олинган.

17 январь куни Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Элбошининг жияни – Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Самат Абишни лавозимидан озод этиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Назарбоев

Баҳолаганлар

570

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made