Назарбоевнинг жияни эгалик қиладиган икки компания раҳбарлари қамалди
Олам
−
04 Апрель 2022
7632Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари республика Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалдиули назоратидаги икки компания раҳбарларини ҳибсга олди. Бу ҳақда Қозоғистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
"Текширув давомида кириш темир йўл линиялари (охирги километр) эгалари Қайрат Сатибалдиули назоратидаги корхоналар томонидан ўғирлик бўйича қўшимча фактлар аниқланди. Мазкур шахслар давлат мансабдорлари кўмагида хизматлар тарифини асоссиз ошириб, миллиардлаб доллар фойда кўрган. Бу эса фуқароларнинг ҳаётини таъминлаш хизматлари нархининг ошишига олиб келган”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Қайрат Сатибалдиули назоратидаги икки компания раҳбарлари қўлга олинган ва суд санкцияси билан қамалган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳибсга олинганларнинг исм-шарифларини ошкор қилмаган.
Аввалроқ, Қозоғистоннинг Коррупцияга қарши курашиш хизмати ходимлари Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалдиулига нисбатан ўз лавозим ваколатларини суиистеъмол қилиш ва ўта йирик миқдордаги маблағларни ўзлаштириш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатган эди.
Шунингдек, унинг давлат хавфсизлигига путур етказувчи бошқа жиноятларга алоқадорлиги ҳам текширилаётган эди.
Жорий йилнинг 15 март куни эса Қайрат Сатибалдиули давлат маблағларини ўғирлашда гумон қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси тайинланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь