Назарбоевнинг укаси Олмаота заводидаги улушини давлатга мажбуран қайтарди
Олам
−
17 Март 2023 6178 3 дақиқа
Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси Болат Назарбоев Олмаота оғир машинасозлик заводидаги акцияларини давлатга қайтаришга мажбур бўлди. Бу ҳақда “Tengrinews.kz” хабар берди.
Маълум қилинишича, Қозоғистон Молия вазирлиги Давлат мулки ва хусусийлаштириш қўмитасининг даъвоси бўйича мамлакат Олий суди Болат Назарбоевни акцияларни қайтаришга мажбур қилган.
Иш материалларига кўра, 1998 йилда давлат мулки департаменти “Олмаота оғир машинасозлик заводи” АЖ акцияларининг давлат пакетини устав фондидан 31,9 фоиз миқдорида тендер ғолиби “Темир Кон” МЧЖга 105,3 миллион тенгега (2,6 миллиард сўм) сотган. Олди-сотди шартномасига кўра, унинг янги эгаси завод фаолияти профилини сақлаб қолиши ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириши керак эди.
Нурсултон Назарбоев президентлиги даврида – 2007 йилда “Темир Кон” МЧЖ “Олмаота оғир машинасозлик заводи” АЖ акцияларининг 86,78 фоизини, шу жумладан, давлат пакетининг 31,9 фоизини Болат Назарбоевга сотган.
2009 йилда Болат Назарбоев давлат пакетини “РLS-ТМ” МЧЖнинг бошқа акциялари билан бирга шартнома бўйича ҳеч қандай мажбуриятларни назарда тутмасдан сотган.
“Давлат акциялари пакетининг эгаси бўлганидан сўнг, Болат Назарбоев биринчи шартноманинг махсус шартларини бажариш бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олди. Болат Назарбоевнинг завод фаолияти профилини сақлаб қолиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, “РLS-ТМ” МЧЖ билан шартнома тузилган пайтда хавфсизлик стандартларини бажариш бўйича мажбуриятлари тўхтатилмади. Болат Назарбоев ўз мажбуриятларини янги харидорга ўтказмасдан баҳсли акцияларни бегоналаштиришга ҳақли эмасди”, дейилади қарорда.
Қарорга кўра, турли суд инстанциялари ушбу ишни бир неча бор кўриб чиққан. 2011 йил февраль ойида қўмита томонидан берилган даъво Олмаотанинг Авезов туманидаги 2-суд томонидан қаноатлантирилган. Олмаота шаҳар судининг апелляция ва кассация судловлари ушбу қарорни қўллаб-қувватладилар. Бироқ 2012 йил ёзида Олий суднинг суд ҳайъати қарорни бекор қилган ва ишни биринчи инстанция судига қайта кўриб чиқиш учун юборган. Бу сафар Олмаотанинг Авезов туманидаги 2-туман суди қўмитага даъвони қондиришни рад этган. Қарор Олмаота шаҳар судининг фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича апелляция суд ҳайъати томонидан тасдиқланган. Бироқ бу йил бош прокурор ушбу қарорга қарши чиқди.
Бундай шароитда ҳайъат норозилик далилларининг асослилиги, суд ҳужжатларини бекор қилиш зарурлиги ва қўмитанинг даъвосини қондириш бўйича янги қарор қабул қилиш тўғрисида хулосага келди. Ҳайъат бош прокурорнинг норозилигини қондиришга ва 2012 йилги Олмаота судининг қарорини бекор қилди.
Эслатиб ўтамиз, бу Назарбоевга яқин одамларнинг биринчи марта имтиёзлардан маҳрум қилиниши эмас. Бунгача унинг қамалган жияни “Казахтелеком”нинг акцияларини давлатга қайтарганди. Синглисига қарашли компания эса контрабандада гумон қилинган. Аввалроқ Қосим-Жомарт Тўқаев Назарбоевнинг рафиқаси Сара Назарбоевани Хотин-қизлар ишлари бўйича миллий комиссия аъзолигидан четлатганди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь