Назарбоев ва Лукашенко постсовет мамлакатларидаги вазиятни муҳокама қилди

Олам

image

Бугун, 6 июль куни Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев ва Беларусь фуқароси Александр Лукашенко телефон орқали гаплашди ва постсовет ҳудудларидаги сиёсий вазият ҳақида фикр алмашди. Бу ҳақда “Бельта” хабар берди.

Қайд этилишича, бир кун аввал Лукашенко Қозоғистоннинг Биринчи Президентига телеграмма йўллаган, бугун эса улар телефон орқали мулоқот қилган.

“Александр Лукашенко ва Нурсултон Назарбоев ҳозирги – Беларусь ва Қозоғистон атрофидаги ҳамда постсовет ҳудудидаги мамлакатлардаги вазиятни муҳокама қилди. Нурсултон Назарбоев минтақадаги вазият билан атрофлича қизиқди”, дейилади хабарда.

Лукашенко номидан Назарбоев номига юборилган телеграммада 82 ёшни қаршилагани муносабати билан унга мустаҳкам соғлик, фаровонлик, узоқ ва бахтли умр тилаклари билдирилган.

“Мустақил Қозоғистоннинг кенг кўламли сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлари, унинг халқаро майдонда салмоқли ютуқларга эришган замонавий давлат сифатида шаклланиши сизнинг номингиз билан узвий боғлиқ”, деган Беларусь раҳбари ўз табригида.

Аввалроқ, Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоев туғилган кунини нишонлаш учун Бодрумга учиб кетгани ҳақида хабар берган эдик.

Эслатиб ўтамиз, бугун Назарбоев 82 ёшни қаршилади. Қозоғистонда бу кун мамлакатда давлат байрами бўлган ва авваллари алоҳида миқёсда нишонланадиган Пойтахт кунига тўғри келади. Бироқ, 2022 йил 6 июль ҳолатига кўра, одатдагидан фарқли ўлароқ, кенг кўламли тадбирлар эълон қилинмади. 

Шу билан бирга, жамиятда 6 июлни давлат даражасида нишонлашни бекор қилиш талаблари кўпайиб бормоқда – кўпчилик қозоғистонликлар “Пойтахт куни”ни расмий байрам деб ҳисоблайди, лекин аслида бу кун Назарбоевнинг таваллудига бағишланади. Шунингдек, 1 декабрь куни нишонланадиган ҳамда давлат байрами саналган Биринчи Президент кунини нишонлашни бекор қилиш бўйича мурожаатлар ҳам ортган. 30 июнь куни Қозоғистон Халқ партияси парламенти депутати Ёрлан Смайлов ушбу мавзуни шарҳлар экан, пойтахт номини Нур-Султондан Остонага ўзгартириш ва Назарбоев шарафига байрамларни бекор қилиш масаласини фуқаролик жамиятининг ўзи кўтариши кераклигини айтди.

Жорий йилнинг 5 июнь куни Қозоғистон Конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон Конституциясига ўзгартириш киритишни овоз берувчиларнинг 77,18 фоизи ёки 6,1 миллион киши қўллаб-қувватлади. Сайловчиларнинг 18,66 фоизи ёки 1 миллион 490 минг 470 нафари Конституцияни ўзгартишга қарши овоз берган. МСК маълумотларига кўра, референдумда аҳолининг 68,05 фоизи (8 миллионга яқин фуқаро) қатнашган. Қозоғистонда жами 11,73 миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга.

Маълумот учун, Қозоғистон Конституцияси матнининг учдан бир қисмига тегишли бўлган жами 33 та ўзгартириш овозга қўйилди. Асосий ўзгартиришлардан бири Конституциядан республиканинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевга бағишланган модданинг чиқариб ташланишидир. Тузатишлар қабул қилинганлиги сабабли, у ўзининг кўпгина шахсий имтиёзлари ва Элбоши (миллат етакчиси) мақомини йўқотади, энди унинг ҳуқуқий позицияси собиқ Президентлар тўғрисидаги амалдаги қоида билан тартибга солинади. Назарбоевнинг ўзи Конституциядан унинг номини олиб ташлашни қўллаб-қувватлаган.

Ўзгартиришларда, шунингдек Қозоғистоннинг бир Президенти кетма-кет икки мартадан кўп сайланиши мумкин эмаслиги, шу билан бирга у ўз ваколати муддати давомида партиядан чиқиши кераклиги ҳам назарда тутилган. Бундан ташқари, унинг яқин қариндошларига давлат хизматчиси лавозимларини эгаллаш тақиқланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Лукашенко Назарбоев

Баҳолаганлар

63

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг