Янги тизим: Жиноят қурбонлари ва жабрланувчиларига махсус пенсия тайинланади
Жамият
−
23 Декабрь 2019
6545Эндиликда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йўла бериладиган нафақа тўлаш тизими жорий этилади. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида” ги қарори лойиҳасида келтириб ўтилган.
Қарор лойиҳасида қайд этилишича, ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ҳалок бўлган (вафот этган) тақдирда, ҳалок бўлган (вафот этган) шахснинг оила аъзоларига ва унинг қарамоғида бўлган шахсларга ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органнинг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йўла бериладиган нафақа тўланади ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланади.
Ҳимоя қилинувчи шахсга жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан унга ногиронликни келтириб чиқарувчи тан жароҳати етказилган ёки унинг соғлиғига бошқача зиён етказилган тақдирда, унга ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органнинг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йўла бериладиган нафақа тўланади ва ногиронлик пенсияси тайинланади.
Ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан унга ногиронликни келтириб чиқармайдиган тан жароҳати етказилган ёки унинг соғлиғига бошқача зиён етказилган тақдирда, унга ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органнинг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йўла бериладиган нафақа тўланади.
Ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этганлиги муносабати билан ҳалок бўлган (вафот этган) тақдирда, агар унинг оила аъзолари ва унинг қарамоғида бўлган шахслар турли бир йўла бериладиган нафақалар олиш ҳуқуқига эга бўлса, бир йўла бериладиган нафақалардан биттаси уларга ўз танловига кўра тайинланади.
Тан жароҳати етказилган ёки соғлиғига бошқача зиён етказилган тақдирда, бир вақтнинг ўзида турли бир йўла бериладиган нафақаларни олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳимоя қилинувчи шахсларга ўз танловига кўра бир йўла бериладиган нафақалардан биттаси тайинланади.