Навоийда рухсатсиз дўлана терган икки фуқаро жаримага тортилди
3-саҳифа
−
11:22 891 1 дақиқа
Навоий вилоятининг Хатирчи туманида икки фуқаро тегишли рухсатномасиз дўлана тергани учун жами 7 миллион 480 минг сўм маъмурий жаримага тортилди. Бу ҳақда кеча, 30 октябрь куни вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Экополиция ходимлари томонидан ўтказилган рейд давомида “Ангидон” маҳалласи ҳудудида икки фуқаро – Ш.С. ва Ё.Р. рухсатномасиз дўлана меваларини териб, олиб кетаётган вақтида аниқланган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-1-моддаси (Ўсимлик дунёси объектларини йиғиш, тайёрлаш ва улардан фойдаланиш тартиби ҳамда шартларини бузиш) 1-қисми билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Фуқароларнинг бирига БҲМнинг 10 баравари, иккинчисига эса 7 баравари миқдорида жарима белгиланган.
Шунингдек, табиатга етказилган зарар 1 миллион 3 минг 200 сўм этиб ҳисобланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани ҳудудида Қизил китобга киритилган 1 дона Тян-Шан қўнғир айиғи ва 3 дона ёввойи тўнғизни овлаган шахсларга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди.