Навоийда балиқ овлаган шахс табиатга 1,2 млрд сўм зарар етказди
3-саҳифа
−
27 Май
6552Навоий вилоятининг Конимех туманида ноқонуний равишда 218 бош балиқ овлаб, табиатга 1 млрд 240 млн сўм зарар етказган шахс аниқланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Туманнинг “Шўркўл” МФЙ ҳудудидаги рейд давомида фуқаро Й.О. томонидан 5000 метрлик синтетик тўр ёрдамида табиий сув ҳавзаси ҳудудида 218 бош балиқ ноқонуний овланганлиги аниқланган. Оқибатда табиатга 1 миллиард 240 миллион 300 минг сўм зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси (Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) 4-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Билдирилишича, етказилган зарарни ундириш ва тегишли чора кўриш мақсадида тўпланган ҳужжатлар суд органларига юборилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 8 июлдаги “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги 627-сонли Қонунига асосан, 10 мартдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларидаги табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш тақиқланган. Балиқларнинг уруғ қўйиш мавсуми давомида Амударё ва Сирдарё сув ҳавзаларида 10 мартдан 31 майга қадар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти сув ҳавзаларида 25 апрелдан 10 июнга қадар ва бошқа барча сув ҳавзаларида 16 апрелдан 31 майга қадар балиқ овлаш мумкин эмас.