Навоий номидаги адабиёт музейи биноси Ёшлар театрига берилади
Local
−
16 October 792 6 minutes
Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи Давлат ёшлар театрига бириктирилмоқда. Бироқ унинг “Маданий мерос объекти” мақоми ўзгармайди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Маданий мерос агентлиги Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейи биносининг (аслиятда – “Рус ёш томошабинлар театри биноси”) Давлат ёшлар театрига бириктирилиши ва фондларнинг кўчирилиши юзасидан-юзага келган саволларнинг ҳуқуқий ва фактологик асосларини тўлиқ очиб бериш мақсадида ўрганиш ишлари олиб борган.
Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, А. Навоий кўчаси, 69-уй манзилида жойлашган ушбу объект Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октабрдаги 846-сон қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига (Тошкент шаҳар бўлими, 12-банд) киритилган бўлиб, давлат муҳофазасига олинган.
Ушбу объектнинг бошқа фойдаланувчига ўтказилиши унинг “Маданий мерос объекти” мақомини мутлақо ўзгартирмайди. “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасига мувофиқ, моддий маданий мерос объектининг фойдаланувчиси ёки мулкдори ким бўлишидан қатъи назар, унинг ташқи ва ички кўринишини объект паспортига киритилган муҳофаза мазмуни маълумотларига мувофиқ ҳолда сақлаш мажбурияти ўз кучида қолади. Фойдаланувчи ўзгариши ҳуқуқий мажбуриятларни бекор қилмайди, балки янги фойдаланувчи (театр) зиммасига юклайди.
Билдирилишича, мазкур объект тарихан ва архитектуравий жиҳатдан “Рус ёш томошабинлар театри биноси” сифатида барпо этилган бўлиб, Давлат ёшлар театри узоқ йиллардан буён ушбу мажмуанинг бир қисмида фаолият юритиб келади. Бино ҳукуматнинг хизмат доирасида фойдаланиш учун грифли (ХДФУ) қарори билан театрга берилганининг сабаби – мазкур мажмуани ягона маданий-театр мажмуаси сифатида сақлаб қолиш ва театрнинг кенгайган эҳтиёжлари (репетиция заллари, грим хоналари, декорация устахоналари) учун шароит яратиш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги ПҚ-5150-сон қарори 4-бандининг тўртинчи хатбошисига мувофиқ, “давлат кўчмас мулки ҳисобланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ёки текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктириш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилади”. Бино маданий мерос объектлари рўйхатида бўлгани билан Маданий мерос агентлиги балансида эмас, балки Фанлар академияси тизимида бўлган ва балансда сақловчининг таклифи инобатга олиниб, ҳукумат қарори билан оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Давлат ёшлар театрига текин фойдаланишга берилган.
Бино ҳукуматнинг ХДФУ қарори билан театрга берилганининг сабаби – мазкур мажмуани ягона маданий мажмуа сифатида сақлаб қолиш. Объектни таъмирлаш ва тиклаш лойиҳаси агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши томонидан қатъий назоратга олинган ва икки босқичга бўлинган.
Ташқи фасад лойиҳаси кенгашнинг 2026 йил 18-20 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги сайёр йиғилишининг 11-сонли баёни 55-банди билан маъқулланган. Унга кўра, бинонинг ташқи қисмини жорий таъмирлаш, ташқи томондаги дераза ромларини алмаштириш ҳамда бино атрофи ҳудудини “Кўксарой” гранити билан қоплаш ишлари белгиланган. Кенгаш лойиҳада йўқолиб кетган кичик архитектура элементларининг изларини қайта тиклаш ҳамда бино ташқи кўринишида қатъий равишда RAL 1015 NCS 0510-Y30R рангини қўллаш шартини қўйган. Ушбу 1-босқич лойиҳа-смета ҳужжатлари 4 млрд 612 млн сўм этиб белгиланган ва ҳозирда ишлар олиб борилмоқда.
Ички қисм ва Ч.Ахмаров ҳамда Т.Саъдуллаэвнинг деворий суратлари (паннолари) тақдири: Ички қисмни таъмирлаш ва реставрация қилиш масаласи 2-босқичга киритилган. Бу бўйича лойиҳа ҳужжатлари такомиллаштирилмоқда. Агентлик томонидан ички залларидаги бетакрор деворий суратларни ва Чингиз Ахмаров қаламига мансуб ғазаллар сюжети акс этган ноёб санъат асарларини кўчириш мутлақо имконсиз деб баҳоланган. Улар жойида асл ҳолича сақланади ва кенгаш томонидан ички таъмирлаш лойиҳаси фақат ушбу деворий суратларни консервация ва реставрация қилиш шарти билангина иккинчи босқичда кўриб чиқилади.
Музей фондидан ўрин олган ноёб экспонатлар Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 майдаги 234-Ф-сонли фармойишига асосан, Янги Тошкент шаҳрида қурилаётган замонавий бино ишга тушгунга қадар вақтинчалик хавфсиз сақлаш учун Ислом цивилизацияси маркази ва Фанлар академиясининг Антропология институтига кўчирилмоқда.
Кўчирилган маданий бойликларнинг бут сақланиши учун ушбу муассасалар раҳбарияти, бинонинг моддий дахлсизлиги ва реставрация жараёнларининг қонунийлиги учун эса ПҚ-5150-сон қарорнинг 3- ва 16-бандиларига мувофиқ, Маданий мерос агентлиги бевосита шахсий ва юридик жавобгар.
Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг жамоатчиликка маълум қилишича, агентлик мамлакатдаги ҳар бир тарихий бино ва моддий маданий мерос объектини асраш, уларни ҳеч қандай тижорий ёки бегона манфаатлар қурбонига айлантирмаслик борасида муросасиз ва қатъий позицияда. Бинонинг Ёшлар театрига берилиши уни муҳофазадан чиқариш ёки бузиб юбориш дегани эмас. Бинонинг давлат муҳофазасидаги мақоми ва унга қўйиладиган қонуний талаблар мутлақо ўзгармайди.
Агентлик мазкур бинода олиб борилаётган 4,6 миллиард сўмлик фасад таъмирлаш ишларининг ҳар бир босқичини, айниқса, иккинчи босқичдаги ички заллари ва Чингиз Ахмаров мероси назоратини ўз зиммасига олади ва қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймайди.
“Биз жамоатчилик назоратини олқишлаймиз ва тарихий биноларимизни асраб-авайлаш учун барча ҳуқуқий, маъмурий ва суд органлари даражасидаги чораларни кўришга тайёрмиз”, дейилади агентлик муносабатида.
Билдирилишича, агентлик соҳага оид қонунчилик ҳужжатларининг бузилишига йўл қўймаслик бўйича ўзига берилган ваколатлар доирасида ушбу объект устидан мониторинг назоратини давом эттиради.
“Ўзбекистоннинг ҳеч бир тарихий биноси ва ҳеч бир маданий мерос объекти тижорат ёки бошқа ёт манфаатлар қурбонига айланмаслиги керак. Бинонинг Ёшлар театрига топширилиши унинг давлат муҳофазасидан чиқарилишини англатмайди ва бундан ташқари, уни бузишга ҳам ҳуқуқ бермайди. Маданий мерос объекти мақоми ҳамда уни сақлаш бўйича қонунда белгиланган барча талаблар ўзгаришсиз қолади. Биз ушбу тамойилни изчил ҳимоя қиламиз”, дейди Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов.
Эслатиб ўтамиз, ёзувчи Шукур Жаббор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаат билан чиқиб, ушбу музей фаолиятини сақлаб қолиш ва унинг тақдирига эътибор қаратишни сўрагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур мурожаат юзасидан Фанлар академияси расмий муносабат билдириб, музейда амалга оширилаётган ишлар унинг фаолиятини тўхтатишга эмас, балки нодир қўлёзмалар, архив материаллари ва бошқа экспонатларни янада хавфсиз ва замонавий шароитда сақлашга қаратилганини маълум қилганди. Шунингдек, мазкур жараёнлар янги музей биноси фойдаланишга топширилгунга қадар вақтинчалик чора сифатида амалга оширилаётгани айтилган эди.
Расмий маълумотларга кўра, 2026 йил 9 июнь куни 847 та нодир қўлёзма Ислом цивилизацияси марказининг махсус сақлаш хоналарига жойлаштирилган. Шунингдек, 1 491 та тошбосма манба, 439 папкада фото-нусхалар, 145 папкада плёнка ва негативлар ҳамда 1 416 512 ҳужжатдан иборат архив фонди бирламчи хатловдан ўткизилган.
Live
AllJizzaxda 10 yoshli qiz zo'rlandi
06 October