“Навоийазот” масъуллари жамоатчиликка тушунтириш берсин – Экопартия Зарафшон дарёсидаги заҳарланишга муносабат билдирди
Жамият
−
11 Октябрь 2021
6066Аввалроқ, “Навоийазот” АЖ томонидан Зарафшон дарёсига кўп миқдорда ҳаёт учун хавфли зарарли моддалар оқизилгани оқибатда балиқлар оммавий заҳараниб, нобуд бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Экологик партияси Зарафшон дарёсига оқизилган саноат чиқиндилари сабаб кўплаб балиқларнинг нобуд бўлиши юзасидан муносабат билдириб, “Навоийазот” АЖ масъуллари жамоатчиликка тушунтириш беришларини талаб қилмоқда.
Партия муносабатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрдаги “Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 541-сон қарорига кўра, “Навоийазот” АЖ атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I тоифаси, яъни юқори даражадаги хавфли объектлар қаторига кириши қайд этилган.
“Атроф муҳитга хавф даражаси юқори бўлган бу корхонадан бунчалик кўп миқдорда хавфли кимёвий моддаларнинг очиқ табиатга чиқариб юборилиши биринчи галда қўпол қонунбузарлик ва шу билан бирга корхона томонидан атроф-муҳит муҳофазасига эътиборсизликнинг яққол кўринишидир.
Саноат чиқиндиларининг табиатга, флора ва фаунага, сув ва тупроққа қанчалик катта зиён келтириши ҳеч кимга сир эмас. Заҳарли кимёвий моддалар нафақат сув ва тупроқдаги жонзотлар ҳаётини хавф остида қолдиради, шу билан бирга атроф-муҳитга салбий таъсири узоқ муддат давомида сақланиб қолади. “Навоийазот” АЖ томонидан Зарафшон дарёсига чиқарилган зарарли моддалар оқибатида нобуд балиқлар мисолида ҳам буни кўришимиз мумкин”, дейилади партия муносабатида.
Қайд этилишича, бу “Навоийазот” АЖ каби юқори даражада хавфли объектларда атроф-муҳитга чиқариладиган ҳар қандай чиқиндиларни тегишли тартибда назоратдан ўтказиш, бунинг учун доимий равишда экология соҳасига оид мутахассислар хулосаларини олиш йўлга қўйилмаганидан далолат беради. Бундай объектларнинг ўзида доимий ишлайдиган мана шундай механизм йўқлиги туфайли бундай ҳодисалар содир бўлмоқда. Энг ёмони бундай ҳолат шу каби бошқа корхоналарда ҳам кузатилмоқда.
Шунингдек, экологик жиҳатдан хавфли объектлар томонидан атроф-муҳитга чиқарилаётган саноат чиқиндилари ҳамда уларнинг зарарини вақти-вақти билан кенг жамаотчилик иштирокида ўрганишлар олиб борилмайди, жамоатчилик эшитувлари ўтказилмайди. Шу боис ҳам қонунчилик ҳужжатлари орқали бундай таъсир чораларини кўришнинг аниқ механизмларини белгилаш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритиш вақти етган.
“Юқори даражада хавфли саноат объектлари томонидан атроф-муҳитга етказилган зарарларни қоплашнинг таъсирчан механизмлари жорий этилиши ҳар доимгиданда долзарб ҳисобланади. Шу ўринда экологик хавф-хатарларни суғурталаш механизмлари жорий этилиши алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Экологик партияси мазкур ҳолатни қаттиқ қоралайди. “Навоийазот” АЖ масъуллари мазкур ҳолат бўйича жамоатчиликка тушунтириш беришларини сўраймиз ва саноат чиқиндиларининг бу каби зарарлари нафақат экологияга, балки инсонларга ҳам зиён келтиришини эслатиб ўтамиз”, дейилади Экопартия муносабатида.
Эслатиб ўтамиз, Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси атроф-муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш бўлими (Аналитик лаборатория) Кармана тумани экология инспекцияси инспекторлари ҳамда “Навоийазот” АЖнинг Санитар лабараторияси мутахассислари томонидан дарёнинг олтита нуқтасига бориб ўрганилганда дарёдаги ҳар хил турдаги балиқларнинг оммавий заҳарланиши юзага келганлиги аниқланганди. “Навоийазот” АЖга қарашли (л-ташлама) 267-қудуқдан олинган намуналар таҳлил қилинганда белгиланган меъёрлардан азот аммоний – 20 маротаба, азот нитрат – 2,5 маротаба, азот нитрит – 52,5 маротаба, хлоридлар – 7,22 маротаба, мис ионлари – 2,2 маротаба юқорилиги кузатилган.
Оммавий заҳарланиш оқибатида айни дамга қадар аниқланган зарар 4 миллиард сўмдан ортиқ бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь