Навбат ҳусийларга. Исроилнинг Яманга йўллаган зарбаларида 35 киши ҳалок бўлди
Олам
−
11 Сентябрь 2025 3832 3 дақиқа
Яманда Исроил ҳужумидан ҳалок бўлганлар сони 35 нафарга етди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Мамлакат пойтахти саналмиш Сана шаҳридаги ҳужумлар оқибатида 28 киши ҳалок бўлган, 113 киши жароҳатланган. Ал-Жауф вилоятининг Ҳазм ҳудудида эса етти киши ҳалок бўлган, 18 киши яраланган. Умумий ҳисобда қурбонлар ва жароҳатланганлар сони 166 нафарни ташкил этади. Фуқаро мудофааси хизмати вайроналар остида мажақланиб қолган жасадларни қидиришда давом этмоқда.
Кеча, 10 сентябрь куни кечқурун Исроил армияси (ЦАХАЛ) Яман пойтахти ва Ал-Жауф вилоятига йирик авиацион ҳужум уюштирганини билдирди. Мақсад сифатида ҳусийларга қарашли ҳарбий лагерлар, армиянинг алоқа штаби, ёнилғи омбори ва қўмондонлик пунктини йўқ қилиши кўрсатилган. Исроил бу зарбаларни ҳусийларнинг ўзига қарши уюштирган дрон ва ракета ҳужумларига жавоб сифатида изоҳлаган.
Ҳужумда 10 та самолёт иштирок этиб, 15 та нишонга 30 дан ортиқ бомба ташланган. Бу Исроилнинг Яман ҳудудига қилган энг йирик ҳаво ҳужумларидан бири бўлди. Бунга жавобан ҳусийлар Қуддус яқинидаги объектларга ракета отганлини билдирди, аммо бу Исроил томонидан тасдиғини топгани йўқ.
Умуман олганда, Исроил сўнгги пайтларда ўз душманларига ракета ёғдиришдан тийилмаяпти. Ғазодан бошланган ҳаракат Эрон, Сурия, Яман ва Қатарга ҳам қаратилди.
Ҳусийлар ва Исроил ўртасидаги можаро айнан Исроилнинг зарбаларидан кейин юзага қалқиб чиқди. Ҳаммаси Исроилнинг Ямандаги Сана шаҳрига амалга оширган авиация зарбасидан сўнг бошланган. Жорий йилнинг 28 август куни Исроил ҳусийлар раҳбариятини илк бор нишонга олганди. Бунгача Исроил, асосан, Ямандаги ҳарбий объектлар ва ҳусийлар фойдаланаётган фуқаролик инфратузилмаларига зарба берарди. Аммо Исроил ҳаво кучлари ўша куни президент саройи жойлашган ҳарбий базани нишонга олди. Шунингдек, икки электр станцияси ва ёқилғи омборига ҳам зарба берди. Ҳужум оқибатида ҳусийлар ҳукуматининг бош вазири ва бир нечта амалдорлари ҳалок бўлган эди. Ўшанда аламзада ҳусийлар ўз бош вазири ва бошқа сиёсий етакчиларнинг Исроил авиаҳужумлари оқибатида ҳалок бўлгани учун қасос олишга ваъда берганди. Шундан сўнг, Исроил томони ҳаракат аъзоларига таҳдид қилиб, уларнинг бошидан Миср фиръавнига юборилган 10 та фалокат ёғдирилишини билдирган.
Исроилнинг Қатарга йўллаган зарбалари
9 сентябрь куни кундузи Исроил Доҳадаги уйларга зарбалар ёғдирди. Қатар Ташқи ишлар вазирлиги ҳужум остида қолган уйлар орасида “ҲАМАС сиёсий бюроси аъзолари яшаб келган жойлар” бўлганини билдирди. ОАВга кўра, бу ҳужумда гуруҳ раҳбарлари, жумладан, Ғазо секторидаги етакчи Халил ал-Хайя ва сиёсий бюро раҳбари Холид Машъал ҳалок бўлган.
Бироқ ҲАМАС аъзоси Суҳайл ал-Хиндий бу хабарни рад этган ва унинг айтишича, аслида Халил ал-Хайянинг ўғли Ҳаммам ҳамда унинг офис-менежери вафот этган. Қатар Ички хавфсизлик кучлари ходимларидан бири ҳам ҳалок бўлгани, бир неча киши жароҳатлангани аниқланган.
Канада, Франция ва Буюк Британия каби бир қатор давлатлар Исроилнинг бу ҳаракатларини қоралади. АҚШ Президенти Дональд Трамп эса Қатар ҳудудида бундай ҳодиса юз берганидан афсус билдирган. ҲАМАС эса АҚШни ҳам бу ҳужум учун масъул деб билишини айтган.
Қатар воқеадан сўнг ҲАМАС ва Исроил ўртасида воситачилик фаолиятини вақтинча тўхтатди.
Live
БарчасиЭрдўған Саудияга борди
03 Февраль
Путин “қора шаҳзода” билан телефонлашди
03 Февраль
Қашқадарёда ЙПХ машинаси ёниб кетди
03 Февраль