Навальнийнинг жасади онасига топширилди
Олам
−
24 Февраль
20709Россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг жасади онаси Людмила Ивановнага топширилди. Бу ҳақда сиёсатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш маълум қилди.
Ярмишнинг ёзишича, ҳукумат маросимни оиласи хоҳлаганидек ва Алексейга муносиб тарзда амалга оширишга халақит берадими ёки йўқми, бу ҳозирча номаълум.
Аввалроқ, Алексей Навальнийнинг ўлими сабаблари билан шуғулланаётган терговчи унинг онаси Людмила Навальнаяга қўнғироқ қилиб, ультиматум қўйгани, жумладан, 3 соат ичида яширин дафн маросими ўтказиши ёки Алексей колонияда кўмилишини айтгани ҳақида хабар берилган эди.
Маълумот учун, Навальнийнинг колонияда вафот этгани ҳақида 16 февраль куни эълон қилинган. Кира Ярмишнинг ёзишича, Навальний онасига кўрсатилган ўлим ҳақидаги тиббий хулосада унинг ўлими сабаблари табиий экани айтилган.
Сиёсатчининг ўлими сабаблари ҳақида ҳозирча расмий баёнотлар йўқ.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ россиялик мухолифатчи Навальнийнинг жасади яна 14 кун давомида "кимёвий экспертиза"дан ўтказилиши маълум бўлганди.
Шундан сўнг, Навальнийнинг онаси Путинга мурожаат қилиб, ўғлини охирги марта кўришга рухсат беришини сўраганди.
Сарвар Хуррамов