Навальний унга Қуръон китобини беришмагани учун судга мурожаат қилди
Олам
−
13 Апрель 2021
12992Россия мухолифати раҳбари Алексей Навальний ўзи ҳибсда бўлиб турган Владимир вилоятидаги 2-ахлоқ тузатиш колониясини судга берди. Бу ҳақда Навальний ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, Навальний ўзи билан қамоқхонага олиб келган китобларини унга беришмаган.
“Қуръон китобини деб, колониямни судга беришимни ким ўйлабди дейсиз. Гап шундаки, менга ўзим билан олиб келган Қуръон китобини беришмаяпти. Мен қамоқхонага киришимдан аввал ўз устимда ишлаш бўйича қиладиган ишларим рўйхатини тузиб бергандим. Уларда бири Қуръонни ўқиш ва Пайғамбарнинг (Муҳаммад с.а.в – таҳр.) суннатларини ўрганиш бўлган. Китоб ўқиш учун судлашиш керак бўлса, судлашаман ҳам. Нима, энди ўзим билан олиб келган Қуръонни ҳам ўқий олмайманми? Очлик эълон қилганимнинг 13-кунида кайфиятим файласуфона бўлиб турган бир вақтда-я...”, деб ёзади мухолифатчи.
Навальний Қуръонни ўрганиш истагини қуйидагича тушунтирган.
“Атрофдагилар Ислом ва мусулмонлар ҳақида чексиз мунозаралар олиб бормоқда. Албатта, муҳокама қилаётганларнинг 99 фоизи бу ҳақда ҳеч нарсани тушунмайди. Аммо мен Россиядаги мусулмон бўлмаган сиёсатчилар орасида Қуръоннинг чемпиони бўлишга қарор қилдим”, дея қўшимча қилган Навальний.
Маълумот ўрнида, Россия мухолифати раҳбари Алексей Навальний 2020 йилнинг август ойида Томск шаҳридан самолётда учишда хушидан кетиб, кома ҳолатига тушди. Шундан сўнг, у Россия Президенти Владимир Путиннинг рухсати билан Германияга махсус самолётда олиб кетилди.
Маълум қилинишича, Навальний "Новичок" кимёвий-қуроли билан заҳарланган. Ярим йилдан ортиқ вақт давомида Берлиндаги “Шарите” клиникасида даволаниб, жорий йилнинг январь ойида Ватани – Россияга қайтди ва ҳибсга олинди.
Шундан сўнг унинг устидан икки маротаба суд жараёни ўтказилди. Натижада у 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.
LiveБарчаси