Навальний Кремль томонидан ваҳшийларча ўлдирилгани айтилмоқда
Олам
−
16 Февраль
21309Латвия Президенти Эдгар Ринкевич Россия расмийларини қотилликда айблаб, Алексей Навальнийнинг ўлими ҳақидаги хабарларга изоҳ берган биринчи жаҳон етакчиси бўлди. У бу ҳақда ўзнинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида сўз очди.
Ринкевичга кўра, ҳозирги Россиянинг асл қиёфасини ҳамма билиши керак.
“Сиёсатчи сифатида Алексей Навальний ҳақида нима деб ўйлайсиз? У шунчаки Кремль томонидан шафқатсизларча ўлдирилган. Бу ҳақиқат ва ҳозирги Россия режимининг асл моҳияти ҳақида ҳамма билиши керак бўлган нарса. Марҳумнинг оиласи ва яқинларига ҳамдардлик билдираман”, деб ёзади Ринкевич.
Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак эса Навалнийнинг ўлимини рус халқи учун катта фожиа, деб атаган.
“Бу даҳшатли хабар. Россиянинг энг ашаддий демократия ҳимоячиси сифатида Алексей Навалний бутун умри давомида ақл бовар қилмайдиган жасорат кўрсатди. Мен унинг рафиқаси ва Россия халқига ҳамдардлик билдираман, улар учун бу жуда катта фожиа”, деган Сунак.
Қайд этиш керакки, бугун, 16 февраль куни Россия Федерал жазони ижро этиш хизмати Ямал-Ненец автоном округи бошқармаси Навальний Харп қишлоғидаги махсус режимли колонияда вафот этганини маълум қилди.
Таъкидланишича, мухолифатчи қамоқда ўзини ёмон ҳис қилган ва тез орада вафот этган. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путинга Навальнийнинг ўлими ҳақида хабар берилганини айтди.
Алексей Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш эса сиёсатчининг шериклари унинг ўлими ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслиги ҳақида баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, Навальнийнинг адвокати Харпга етиб борган.
LiveБарчаси