НАТО Украинанинг совет қуролларидан воз кечишида ёрдам беради – Столтенберг
Олам
−
25 Июль 2022
6605Шимолий Атлантика альянси дронларга қарши курашиш учун Украинага юзлаб одам-портатив тизимларни юборади. Бу ҳақда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Сербиянинг “Kurir” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
“Иттифоқчилар Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдам беришда давом этади. НАТО ҳар томонлама ёрдам беради”, дея таъкидлади Столтенберг.
Шунингдек, у Шимолий Атлантика альянси Киевга “Совет давридаги ускуналардан НАТОнинг замонавий ускуналарига ўтишда” ёрдам беришини айтди.
Бундан ташқари, Столтенберг Мадридда бўлиб ўтган саммитда НАТО етакчилари ўзларининг шарқий чегараларидаги жанговар гуруҳларни кучайтириш, тезкор ҳаракат кучлари сонини ҳозирги 40 мингдан 300 мингдан зиёдга оширишга келишиб олганлигини эслади.
Бош котиб, НАТО олдиндан ажратилган ҳарбий таъминот ва жиҳозлар миқдорини ҳам оширишини айтди.
“Биз ҳаво ҳужумидан мудофаа каби биринчи қатордаги кучларни тақсимлаш, қўмондонлик ва назоратни кучайтириш, мудофаа режаларини аниқ иттифоқчилар мудофаасига бағишланган кучлар билан модернизация қилиш имкониятини оширамиз”, дейди у.
Столтенберг Мадриддаги саммитни “тарихий” деб атади, Финляндия ва Швецияга таклифномалар юборилгани, НАТОнинг Россия ва Хитойга нисбатан позициясини белгиловчи ҳужжатлар чоп этилганини қайд этди.
28-30 июнь кунлари Мадридда бўлиб ўтган саммит якунлари бўйича НАТОнинг янги стратегик концепцияси қабул қилинди, бу альянснинг яқин 10 йилга мўлжалланган йўл харитаси ҳисобланади. Унда Россия “энг хавфли таҳдид” деб номланади. Ҳужжатда НАТО тарихида биринчи марта Хитой тўғридан-тўғри ҳарбий рақиб сифатида кўрилмаса-да, тизимли чақирув ва рақобатчи деб аталганлиги тилга олинади.
LiveБарчаси