НАТО Украинага ҳарбий ёрдам миқдорини эълон қилди

Олам

image

Россия томонидан ҳарбий тажовузга учраган Украина АҚШ Президенти Дональд Трампнинг тинчлик ташаббусларига қарамай, НАТОнинг ҳарбий ёрдамига умид қилишда давом этиши мумкин. Бу ҳақда кеча, 2 апрель куни НАТО Бош котиби Марк Рютте Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўз очди.

Унинг айтишича, Украина иттифоқчилари мамлакатга 20 млрд евродан ортиқ хавфсизлик ёрдамини кўрсатишга ваъда берган.

“Жорий йилнинг дастлабки уч ойида иттифоқчилар аллақачон 2025 йилда Украинага 20 миллиард евродан ортиқ хавфсизлик ёрдамини кўрсатишга ваъда берган”, деган Бош котиб.

Шунингдек, Рютте ҳарбий ёрдамни Германиянинг Висбаден шаҳридаги қўмондонлик орқали мувофиқлаштириш давом эттирилишини тасдиқлаган.

Ўтган йили иттифоқчилар ўн икки ой давомида Украинани қўллаб-қувватлаш учун 50 миллиард еврога яқин маблағни сафарбар қилди, аммо Трампнинг тинчлик ташаббуслари фонида АҚШ Киевни ўт очишни тўхтатишга мажбурлаш учун ҳарбий ёрдамни кескин қисқартириши мумкинлиги ҳақида хавотирлар пайдо бўлди. Шунга қарамай, АҚШ ҳозирча Украинага қурол етказиб беришда давом этмоқда.

Трампнинг воситачилик ташаббусига изоҳ берар экан, Рютте “бу даҳшатли урушни адолатли ва узоқ муддатли якунлаш”га қаратилган ҳар қандай саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини айтган. У Трампга “қамални енгиб ўтишга” муваффақ бўлгани учун миннатдорлик билдирган.

Шу билан бирга, Рютте Буюк Британия, Франция ва бошқа давлатларнинг Украина учун хавфсизлик кафолатларини келишиш бўйича саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган. Агар Киев АҚШ таклиф қилган сулҳга рози бўлса, бу кафолатлар кучга кириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Украина раҳбарияти “тинчлик тарафдори” эканини намойиш қилмагунча, Россияга қарши мудофаа урушида Украинага ҳарбий ёрдамни музлатишга буйруқ берганди. Трампнинг бу кескин қарори 28 февраль куни Оқ уйда Украина раҳбари Владимир Зеленский билан бўлган “кичик жанг”дан кейин қабул қилинди. Кейинчалик Зеленский АҚШдан Украинага ажратилаётган ҳарбий ёрдамнинг тақдири ҳақида расмий маълумот олиш бўйича мамлакатнинг турли идоралар раҳбарларига топшириқ берди. Трамп 9 март куни “Fox News” телеканалига берган интервьюсида Украина ҳатто Вашингтоннинг ҳарбий ёрдами билан ҳам “омон қолмаслиги” мумкинлиги ҳақида гапирди. Аммо икки орадаги муносабатлар яна бироз яхшилангач, АҚШ Украинага ҳарбий ёрдамни давом эттира бошлади.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Дональд Трамп Украина Марк Рютте

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг