Midweek: Тахт атрофини тозалаётган Эрдўған, урушга тайёрланаётган Европа, эрта турмуш талвасаси
Таҳлил
−
19 Март
386418 март куни бутун дунё кутган телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Унда Путин Украина энергетика объектлари ва инфратузилмага зарба бермаслик таклифини қабул қилганига қарамай, бир зумда Украина осмонида яна Shahed дронлари пайдо бўлгани айтилди.
Европа гигантлари, жумладан Франция ва Германия уруш ҳолатига тайёргарликни бошлаш арафасида.
Эрдўғаннинг ашаддий танқидчиси ва асосий рақиби Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли махсус операцияда қўлга олинди.
Ўзбекистонда қизларни эрта турмушга бериш муаммоси яна кучайди. Бундай ҳолатлар 1 йил ичида 7 баробарга ошган.
Ўтиб бораётган ҳафтанинг ўртасигача жаҳон ва Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'ning Midweek дастури.
Эрдўған Имомўғлини “суриб ташламоқчи”
“Жумҳурият Халқ” партияси аъзоси Экрем Имомўғли бир муддат олдин Анқарада сўзлаган нутқида Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг даври тугаганини айтиб, Эрдўған сиёсати фақатгина ёмонлик келтирганини, давлатда бошқарув сарой тизимига ўтиб кетганини, Туркияга сарой эмас, аксинча, парламент кераклигини таъкидлаганди. Унинг бу чиқиши Туркиянинг “Жумҳурият Халқ” партиясидан президентликка номзодни аниқлаш бўйича бирламчи сайловлар ўтказиш арафасида янгради. 23 март куни мана шу ички сайлов ўтказилиши керак эди. Аммо кўп эҳтимол Имомўғли бу сайловда иштирок эта олмайди. Чунки у бугун, 19 март куни махсус операцияда ҳибсга олинди. У 100 га яқин шахс билан биргаликда коррупцияда айбланмоқда.
Аслида Имомўғлини йўлдан олиш аввалроқ бошланганди. 18 март куни Истанбул университети Имомўғлининг дипломини бекор қилганини эълон қилди. Диплом беришда йўл қўйилган хатолик туфайли қабул қилинган бу қарор Туркия қонунчилигига кўра, Имомўғлини президентликка номзодини қўйиш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Чунки Туркия қонунчилигига кўра, президентликка номзод бўлиш учун олий маълумот талаб этилади, шу сабабли ушбу қарор Имомўғлининг сайловда қатнашиш ҳуқуқини бекор қилади. У билан бирга яна 27 кишининг дипломлари ҳам ҳақиқий эмас деб топилган. Бунга сабаб сифатида эса 1990 йилда Имомўғлининг Шимолий Кипр университетидан Истанбул университетига ноқонуний равишда ўқишни кўчиргани кўрсатилган. Туркиянинг асосий мухолифат партияси – “Жумҳурият Халқ” партияси ушбу қарорга парламент даражасида норозилик билдирган. Бунга жавобан Истанбул университети Туркия Олий таълим кенгаши Имомўғлининг дипломини сохталаштирилган деб топгани ва шу асосда бекор қилинганини эълон қилган. Ушбу масала юзасидан барча ҳужжатлар Истанбул прокуратурасига қўшимча тергов учун топширилиши айтилди.
Бугун эса Экрем Имомўғлини ҳибсга олиш бўйича ордер берилди. Турк маҳаллий нашрлари Имомўғли, унинг матбуот котиби Мурат Онгун ва яна 100 га яқин кишини коррупцияга қарши операция доирасида қўлга олиш қарори чиқарилгани хақида хабар берди. Шунингдек, шаҳар ҳокимининг уйида тинтув бошланган. Айтилишича, у Medya A.Ş компаниясидаги давлат харидлари ва Курдистон Ишчи партияси ҳамда “Жумҳурият Халқ” партияси ўртасида тузилган “шаҳар келишуви” билан боғлиқ ишларда гумон қилинган. Шунингдек, Имомўғлининг Сариердаги уйи атрофида кўплаб полиция ходимлари хавфсизлик чораларини кўрган. Маълумотларга кўра, унинг уйида тинтув ишлари олиб борилган. CNN Turk'нинг хабар беришича, Экрем Имомўғли ва унинг матбуот бўйича маслаҳатчиси Мурат Онгун махсус операция давомида ҳибсга олиниб, судга олиб кетилди. Иш доирасида жами 100 нафар шахс гумонланувчи сифатида тергов қилинмоқда. Имомўғлининг ҳибсга олиниши ортидан Туркияда баъзи ижтимоий тармоқлар ишламай қолгани айтилмоқда. “NetBlocks” халқаро интернет-мониторинг хизмати Х ижтимоий тармоғида Экрем Имомўғлининг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлардан сўнг бир нечта ижтимоий тармоқ платформаларига кириш чеклангани ҳақида хабар берди.
Суверен давлат устидаги “отамлашув”
Дональд Трамп бутун дунё кутган телефон суҳбатидан олдин 17 март куни Truth Social ижтимоий тармоғида Путин билан гаплашишдан олдин аллақачон кўплаб масалалар келишиб олинганини маълум қилди. шундан сўнг қатор ОАВ бўлажак суҳбат ва унинг сценарийси ҳақида тахминлар билдира бошлади. CNN ва “Associated Press” ахборот агентликлари Путин ва Трамп ўртасидаги музокаралар “ҳудудлар” ва “энергетика станциялари”га қаратилиши ҳақида хабар берди. “Reuters” эса Трамп ва Путин ўртасида режалаштирилган музокараларда Россия кучлари томонидан босиб олинган Запорожье АЭС устидан назорат масаласи ҳам кўтарилиши мумкинлигини тахмин қилганди. Энг қизиғи, Американинг “Semafor” нашри муҳокамалардан хабардор икки манбага таяниб, Трамп маъмурияти Россиянинг Украинага қарши урушини тўхтатиш бўйича келажакдаги келишувнинг бир қисми сифатида Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар қилди. Хабарда Оқ уй ҳатто БМТни ҳам шундай қилишга чақириш имкониятини муҳокама қилиши мумкинлиги ҳам қўшимча қилинган. АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткоффнинг эса Вашингтон ва Москва Қора денгиздаги портларга чиқиш масаласини муҳокама қилишини очиқлади.
Шу тариқа 18 март куни бир суверен давлат устидаги икки мамлакат раҳбарининг мулоқоти бошланди. Суҳбат Москва вақти билан тахминан соат 17:00 да бошланган ва икки ярим соат давом этган. Мулоқот давом этаётган пайтда Оқ уй аппарати раҳбарининг ўринбосари Дэн Скавино уни “яхши ўтмоқда” деб таъкидлаган.
Бу суҳбат Дональд Трамп Оқ уйга қайтганидан бери Россия ва АҚШ Президентлари ўртасидаги иккинчи мулоқот бўлди. Аввалги суҳбат 12 февраль куни бўлиб ўтган ва бир ярим соат давом этганди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков суҳбатнинг асосий мавзуси икки томонлама муносабатлар ва Украинадаги вазиятни тартибга солиш масалалари бўлишини маълум қилди. Бироқ у музокаралар якунида Президент Путиннинг баёнот бериши режалаштирилмаганини билдирди. Бироз ўтиб эса Кремль матбуот хизмати қўнғироқ тафсилотларини очиқлади.
Қайд этилишича, лидерлар Украина атрофидаги вазият юзасидан батафсил ва очиқ фикр алмашувни давом эттирган. Владимир Путин жанговар ҳаракатларни ва инсоний талафотларни тўхтатиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун Дональд Трампга миннатдорлик билдирган. Путин ва Трамп суҳбатида 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш ташаббуси доирасида жанговар ҳаракатлар чизиғида ўт очишни ҳақиқатан ҳам назорат қилиш, Украинада мажбурий сафарбарлик ва ҳарбий кучларни қайта қуроллантиришни тўхтатиш каби масалалар кўтарилган. Кремль матбуот хизматининг хабар беришича музокаралар чоғида можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилиш ва унинг кескинлашувига йўл қўймаслик учун энг муҳим шарт бу Украинага ҳарбий ёрдам ва разведка маълумотларини беришни бутунлай тўхтатиш экани алоҳида қайд этилган.
Бундан ташқари, яна қатор масалалар, жумладан, Курскдаги украиналик аскарлар тақдири, энергетика тизимига зарба беришни тўхтатиш, Қора денгизда кемалар хавфсизлигини таъминлаш ва асирлар алмашинуви кабилар хусусида ҳам гаплашилган. Жумладан, Дональд Трампнинг Курск вилоятида қуршовда қолган украиналик ҳарбийларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ҳақидаги илтимосига жавобан, Владимир Путин Россия уларни инсонпарварлик нуқтаи назаридан асирликка олиши ва ҳарбий асирларга нисбатан халқаро ҳуқуқ нормалари доирасида муносабатда бўлишини тасдиқлаган. Мулоқот давомида Дональд Трамп 30 кун давомида энергетика инфратузилмасига зарба беришдан воз кечиш таклифини илгари сурган. Владимир Путин бу ташаббусга ижобий муносабат билдирган ва Россия ҳарбийларига зудлик билан тегишли кўрсатмалар берган. Шунингдек, Россия Президенти Дональд Трамп илгари сурган Қора денгиз акваториясида кемалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича машҳур ташаббусни амалга ошириш таклифига ҳам конструктив ёндашган. Бу борада музокаралар ўтказилиб, тафсилотларни қўшимча ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилган. Яна бир энг муҳим нуқталардан бири эса асирлар алмашинуви бўлган. Владимир Путин 19 март куни Россия ва Украина томонлари ўртасида 175 га 175 шаклида ҳарбий асирларни алмашиш режалаштирилганини маълум қилган. Бундан ташқари, Россия госпиталида даволанаётган 23 нафар оғир ярадор украиналик ҳарбийлар инсонпарварлик ҳаракати сифатида Украинага топширилади.
Аммо Трамп ва Путиннинг телефон мулоқотида гаплашилган ва келишилган масалалар ичида энг нозиги – энергетика ва инфратузилмага зарба бермаслик келишуви заифлигича қолмоқда. Чунки икки ўртадаги телефон мулоқотидан бир неча соат ўтар-ўтмас, Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат осмонида 40 га яқин дрон парвоз қилаётганини ва улардан бири Сумидаги шифохонага тўғридан тўғри зарба берганини маълум қилди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, зарбалар айнан тинч аҳоли инфратузилмасига йўналтирилган. У Россия келишувни бир зумда бузганига ишора қилиб, Трампни Путин аслида нима режа қилаётганини англашга чақирди.
Урушга тайёрланаётган Европа
Европанинг икки етакчиси – Германия ва Франция баъзи жабҳаларда уруш ҳолатига тайёрланишни бошлаяпти. Бавария соғлиқни сақлаш вазири Юдит Герлах бутун Германияда соғлиқни сақлаш тизими уруш шароитида ҳарбийлар ва фуқароларга бирдек тиббий ёрдам кўрсатишга тайёр бўлиши кераклигини айтди. Герлахнинг сўзларига кўра, Европа Россиядан келаётган ҳарбий таҳдид билан тобора кўпроқ юзма-юз келмоқда. Шу билан бирга, АҚШнинг хавфсизлик битимидан чиқиш эҳтимоли бундай тайёргарлик заруратини янада оширади. У нафақат мудофаа, балки фуқаролик сектори ҳам ҳар қандай инқирозларга, жумладан ҳарбий можароларга тайёр бўлиши лозимлигини таъкидлаб, Германия узоқ йиллар давомида глобал силкинишларга қарши ҳимояга етарлича эътибор қаратмагани ва шу боис эндиликда бу камчиликни зудлик билан тўлдириш кераклигини айтди. Герлахнинг фикрича, армияни модернизация қилиш билан бирга фуқаролик мудофаасини ҳам мустаҳкамлаш, уруш ҳолатида аҳолига узлуксиз ёрдам кўрсатишни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. У шунингдек, тиббиёт тизимини фавқулодда вазиятга тайёрлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, уруш шароитида 80 миллион аҳолига тиббий ва ҳамширалик ёрдамини кўрсатиш қобилияти асосий вазифалардан бири бўлиб қолади. Шу боис Бавария ҳукумати аллақачон шифохоналардан фавқулодда вазиятлар бўйича огоҳлантириш тизими ва тезкор режалар ҳақида маълумот тақдим этишни талаб қилган.
Франция эса тайёргарликни уруш шароитида омон қолиш бўйича қўлланма тайёрлашдан бошлаши ҳақида хабар тарқалди. Қайд этилишича, ҳукумат уруш даврида омон қолиш учун аҳолига қўлланма тайёрламоқда. Бу 20 саҳифадан иборат қўлланма бўлиб, унда мамлакат аҳолиси хавф туғилганда нима қилиши кераклиги батафсил баён этилади. Шунингдек, ҳукумат мамлакат ҳудудида уруш ёки бошқа ҳар қандай инқирозли вазият юзага келганда омон қолиш учун нафақа пули ҳам ажратади. Хабарларга кўра, қўлланмада Франция ҳудудидаги эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлар, шунингдек, табиий офатлар ва эпидемиялар пайтида қандай зарур чоралар кўриш ҳақида гап боради. Расмийлар уни жорий йилнинг ёзига қадар барча аҳолига тарқатиш ниятида эканлиги айтилмоқда. Маълум қилинишича, ушбу қўлланма уч қисмга бўлинади. Биринчиси инқирозли вазиятларга тайёргарлик кўришга бағишланади. Бу сув ва консерваларни ғамлаш, дори қутисини тайёрлаб қўйиш каби инструкцияларни ўз ичига олади. Иккинчиси бевосита инқирозли вазиятда ҳаракатлар рўйхати – масалан, ядровий ҳалокат ёки ядровий зарба пайтида бошпана топиш ҳақида бўлади. Учинчисида эса – жамоага ҳар қандай инқироздан кейин тикланишга ёрдам бериш учун қандай қилиб турли отрядларга жумладан, ҳарбий, санитария ёки коммунал хизматларга ёзилиш ҳақида тушунтиришлар бўлади.
Албатта, бундай ҳаракатлар ва ташаббуслар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Барчаси жорий йилнинг 20 январида Трамп инаугурациясидан сўнг бошланди. Қитъа хавфсизлиги борасидаги қарашларнинг тубдан ўзгариши, Оқ уйнинг Кремлга мулойим муносабатда бўлаётгани ва ҳоказолар Европа етакчиларида қатор хавотирлар уйғотди.Трампнинг кутилмаган хатти-ҳаракатлари ортидан Париж ва Лондонда қисқа муддат оралиғида чақирилган иккита саммитнинг ўзи ҳам Европа расмийларининг бундан буёғига анча ҳушёр тортганидан далолат эди. Қитъа ўз мудофааси учун 800 миллиарддан ортиқроқ маблағ сарфлашга тайёрлиги, Украинани мустақил қўллаб-қувватлашга киришгани буни тасдиқлайди. Шу боис эндиликда етакчилар, хусусан, Франция Президенти Эммануэль Макрон фикрича, Франция Украинага ёрдам бериш ҳамда ўз фуқаролари ва бутун Европа хавфсизлиги учун жиддий қарорлар қабул қилиши керак бўлади.
Эрта турмуш талвасаси
Ўзбекистонда эрта турмуш 2024 йилда 2023 йилга нисбатан 7 бараварга кўпайган. Бу ҳақда 18 март куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида сенатор Гулнора Маъруфова маълум қилди. Сенатда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси кўриб чиқилди. Сенатор Гулнора Маъруфова ёшлар орасида эрта турмуш 2024 йилда 300 га яқин бўлгани ва бу ўтган 2023 йилга нисбатан 7 бараварга кўпайганини қайд этиб, бундай никоҳларнинг аксарият қисми қизларнинг ихтиёрисиз, ота-оналар ёки қариндошларнинг босими остида бўлаётганини таъкидлади.
“Бу борада қандай янгиликлар бор ва қандай таъсирчан чоралар кўриляпти, қанақа таклифлар бор?”, дея Хотин-қизлар қўмитаси вакилига савол берди Гулнора Маъруфова.
Сенатор Гулнора Маъруфованинг мазкур саволига Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова жавоб берди. Қўмита раиси ўринбосари келтирган маълумотларга кўра, бундай никоҳларнинг 70 фоизида ота-она, 26 фоизида эса севги-муҳаббат сабаб қилиб кўрсатилган. Бунда, шунингдек, эрта ҳомила 3,4 фоиз, диний қарашлар эса 1,5 фоиз улушга эгалиги айтилди.
“Ҳақиқатан ҳам бу йил ўтган йилга нисбатан эрта никоҳлар кескин ошган. Бу янаям маҳалла фаолларининг, ижтимоий ҳимоя ходимларининг уйма-уй кириб, ишга масъулият билан ёндашиб, ҳолатларни аниқлаганида кўринди. Биз мазкур масала бўйича масъул ташкилотлар билан келишган ҳолда иш олиб бордик ва ўрганишларда никоҳларнинг 70 фоизида ота-она сабабчи экани, 26 фоизда бунга севги-муҳаббат сабаб қилиб кўрсатилгани, 3,4 фоизда эса ҳомила билан боғлиқлиги, 1,5 фоизи эса диний қарашлар билан алоқадор экани билан изоҳланган”, дейди Мукаррам Нурматова.
Мукаррам Нурматовага кўра, Оила кодексининг 15-, 16- моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича иш олиб борилган. Қонунчилик бўйича айни ҳолат билан боғлиқ айрим истисно пайтларда туман ва шаҳар ҳокимлари эрта никоҳ қуриш учун рухсат беради. Лекин, лойиҳага кўра, эндиликда агар шундай зарурат бўлса, яъни бола туғилиши, ҳомиладорлик, вояга етмаган шахснинг муомалага тўла лаёқатли дея эълон қилинганда никоҳ ёшини кўпи билан 1 йилга камайтиришга рухсат берилади. Шунингдек, бундай ҳолат учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 473-моддасида назарда тутилган жаримани ҳам ошириш таклиф қилинмоқда.
Қуйидагилар учун жарималар миқдорини ошириш белгиланмоқда:
- никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш – БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3,4 миллион сўмдан 5,1 миллион сўмгача). Амалда БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача;
- ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш – БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваригача (5,1 миллион сўмдан 6,8 миллион сўмгача);
- никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, яъни вояга етмаган шахс билан шаърий никоҳ – БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача аниқроқ қилиб айтганда 6,8 миллион сўмдан 10,2 миллион сўмгача ошириш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Албатта, эрта никоҳ кўрсаткичлари бир йилда нақд 7 баробарга ошиши – бу жуда хавфли тенденция. Мазкур ҳолат узоқ муддатли даврда миллат генофондига ҳам маълум даражада таъсир ўтказмай қолмайди. Дунё миқёсида эса турмуш қуриш учун оптимал ёш чегаралари бўйича кўплаб тадқиқот ва кузатувлар ўтказилган. Шундайлардан бири америкалик тадқиқотчи, Юта университетининг оила масалалари ва социология бўйича профессори Николас Вольфингернинг тадқиқотидир. У томонидан олиб борилган текширувлар 28 ва 32 ёш оралиғида турмуш қурган одамларда ажрашиш эҳтимоли жуда кам эканига эътибор қаратади. Илм-фанга кўра, бу турмуш қуриш учун идеал ёш экани таъкидланган. Биологик жиҳатдан эса турмуш қуриш учун энг яхши ёш эркакларда ҳам, аёлларда ҳам минимал 25 бўлиши кераклиги айтилади.
LiveБарчаси