NASA Путин ва Маск ўртасидаги алоқани текширишни талаб қилмоқда – CNN
Олам
−
26 Октябрь
3836АҚШ Миллий аэронавтика ва коинот бошқармаси (NASA) раҳбари Билл Нельсон SpaceX асосчиси, миллиардер Илон Маск ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасидаги мунтазам алоқалар ҳақида хабардан сўнг тергов ўтказишни талаб қилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Аввалроқ, “The Wall Street Journal” Маск ва Путин 2022 йил охиридан бошлаб шахсий масалалар, ишбилармонлик ва геосиёсий зиддиятларни муҳокама қилгани, бу эса миллий хавфсизлик масалаларини келтириб чиқариши ҳақида хабар берган эди. Сабаби SpaceX компаниясининг NASA ва АҚШ ҳарбийлари билан алоқалари Маскка АҚШ ҳукуматининг махфий маълумотлари ва разведка маълумотларига кириш имконини бериши мумкин.
“Бу хабар рост ёки йўқлигини билмайман. Менимча, ушбу масала тергов қилиниши керак. Агар Илон Маск ва Россия Президенти ўртасида бир неча марта суҳбат бўлгани ҳақидаги маълумотлар тўғри бўлса, бу айниқса NASA, Мудофаа вазирлиги ва баъзи разведка агентликларини хавотирга солади”, деди Нельсон.
Қайд этилишича, ўтган йили ҳам бир қатор расмийлар Маскнинг Россия каби АҚШнинг душманлари билан ҳамкорлиги борасидаги хавотирларини билдирган. Бироқ, CNN манбаларига кўра, АҚШ разведка ҳамжамияти бу алоқаларни Маск АҚШ фуқароси бўлгани сабабли чуқур ўрганишдан эҳтиёт бўлмоқда.
“The Wall Street Journal” нашри эса Маск ва Путин ўртасидаги суҳбатлар ҳукумат томонидан қатъий сир сақланаётганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Илон Маск Владимир Путин билан мунтазам алоқа қилаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилган эди.
LiveБарчаси