Маск 2 йилдан бери Путин билан мунтазам алоқада – WSJ
Олам
−
25 Октябрь
4739Америкалик миллиардер Илон Маск Россия Президенти Владимир Путин билан мунтазам алоқада экани айтилмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.
“Илон Маск – дунёдаги энг бой одам ва АҚШ космик тадқиқотларининг асосий таянчи 2022 йил охиридан бери Россия Президенти Владимир Путин билан мунтазам алоқада бўлиб турибди", дейилади хабарда.
WSJ’га кўра, икки шахс ўртасидаги мавжуд алоқалар Ғарбнинг амалдаги ва собиқ расмийлари томонидан тасдиқланган. Нашр, шунингдек, Путин ва Маск ўртасидаги суҳбатлар мавзусидан бири Тайвань масаласи бўлганини ёзмоқда. Унга кўра, бир марта Путин миллиардерга Хитой етакчиси Си Цзиньпин учун илтифот сифатида Тайвань узра унинг Starlink сунъий йўлдош интернетини фаоллаштирмасликни сўраган.
“Мазкур алоқалар, шунингдек, баъзи амалдорлар орасида миллий хавфсизлик масалалари бўйича хавотирларни келтириб чиқармоқда”, дейилади хабарда.
Нашрнинг ёзишича, Маскнинг Starlink тармоғини бошқарувчи SpaceX АҚШ ҳарбийлари ҳамда разведка агентликлари билан ҳамкорлик қилади, бу эса Маскка айрим махфий маълумотларга кириш имконини беради. Бироқ Маскнинг Путин билан алоқаси бўйича хавфсизликка таҳдид юзасидан ҳеч қандай хавотирлар билдирилмаган.
Шунга қарамай, суҳбатлардан хабардор бўлган бир манба АҚШ ҳукуматининг Маск ва Путин ўртасидаги мулоқотга бўлган муносабати ҳақида “улар бундан хурсанд эмас” деб изоҳ берган.
Маскнинг ўзи бу хабарга изоҳ бермаган, лекин олдинроқ ўзини Россияни қўллаб-қувватловчи сифатида кўрсатилиши бемаънилик эканини айтган.
Қайд этилишича, ўтган йили Маск Украинанинг Қрим соҳиллари яқинида дрон ҳужумини амалга ошириш учун Starlink сунъий йўлдош интернет тармоғини фаоллаштирмагани учун танқид остига олинган, бироқ у ўз технологияси ҳарбий операциялар учун мўлжалланмаганини таъкидлаган.
Кремль вакили Маскнинг Путин билан алоқаси телефон орқали бўлганини, унда иккиси космик масалалар ҳамда ҳозирги ва келажакдаги технологиялар ҳақида суҳбатлашганини билдирган.
LiveБарчаси