“Наполи” Италия Суперкубогини қўлга киритди
Спорт
−
10:58 733 2 дақиқа
Кеча, 22 декабрь куни Саудия Арабистонидаги “Аль-Авваль Парк” стадионида Италия Суперкубоги финал учрашуви бўлиб ўтди. Унда “Наполи” жамоаси “Болонья”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб Суперкубок соҳибига айланди.
Антонио Конте бошчилигидаги неаполликлар учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ ташаббусни қўлга олиб, рақиб дарвозаси олдида кетма-кет хавфли вазиятлар яратди. Уларнинг устунлиги 39-дақиқада ўз самарасини берди. Давид Нерес аниқ зарбаси билан ҳисобни очди ва “Наполи” биринчи бўлимни 1:0 ҳисобидаги устунлик билан якунлади.
Иккинчи бўлим бошида “Болонья” ҳисобни тенглаштириш учун қулай имкониятларга эга бўлди, бироқ яратилган вазиятлардан унумли фойдалана олмади. 57-дақиқада эса неаполликлар ҳужумларни янада фаоллаштириб, яна бир бор рақибни жазолади. Давид Нерес дубль қайд этиб, “Наполи”нинг устунлигини мустаҳкамлади. Учрашув якунига қадар ҳисоб ўзгармади.
Шу тариқа, “Наполи” ўз тарихида учинчи бор Италия Суперкубогини қўлга киритди. Антонио Конте эса ушбу мусобақада олтинчи ғалабасини нишонлади — учтасига футболчи, учтасига мураббий сифатида эришган.
Маълумот учун, “Наполи” финалгача ярим финалда “Милан”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, “Болонья” бошқа бир Милан жамоаси — “Интер”ни пенальтилар сериясида таслим этиб, ҳал қилувчи босқичга йўл олганди.
Live
Барчаси