Намангандаги 10 та ҳокимлик қабул қилган ҳужжатлар қонунга зид деб топилди
Жамият
−
19 Июль
5158Наманган вилоятидаги 10 та туман ҳокимликларининг қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларига зид экани аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг биринчи ярми мобайнида Мингбулоқ, Косонсой, Поп, Норин, Наманган, Тўрақўрғон, Уйчи, Чуст, Чортоқ ва Янгиқўрғон туман ҳокимликларида “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари ижроси юзасидан жами 4214 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа турдаги ҳужжатлар юзасидан ўрганишлар олиб борилган.
Унда ушбу туман ҳокимликларида товар ёки молия бозорида рақобатни чеклашга ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келувчи жами 12 та қарор қабул қилиниши оқибатида “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддаси (Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, юридик шахсларнинг бирлашмалари томонидан рақобатни чеклайдиган ҳужжатлар қабул қилинишини ҳамда ҳаракатлар амалга оширилишини (ҳаракатсизликни) тақиқлаш) талаблари бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган.
Ўрганиш ишлари натижаларига кўра, ҳудудий бошқарма томонидан шаҳар ва туман ҳокимликларига қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик тўғрисида тегишли тақдимномалар киритилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанддаги 11 та ҳокимлик қабул қилган ҳужжатлар қонунга зид экани аниқланганди.