Наманганда пиёданинг умрига зомин бўлган ҳайдовчи қочиб кетди
Жамият
−
13 Февраль 2020
4473Жорий йилнинг 10 февраль куни соат тахминан 21:00 да Чортоқ-Калишох-Хазратшоҳ 4Р-119 автомобиль йўлининг Чортоқ тумани Тинчлик кўчасидан ўтган 20 километрида номаълум автомашина ҳайдовчиси йўлнинг ўнг четида ҳаракатланиб кетаётган пиёда 62 ёшли О.Қ.,ни уриб юбориб, ҳодиса жойидан қочиб яширинган. Оқибатда О.Қ. олган тан жароҳатлари туфайли ҳодиса жойида вафот этган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни Чортоқ туманида яшовчи 27 ёшли М.А. ўзининг бошқарувидаги Nexia русумли автомашинасида содир этганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чортоқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан М.А.,га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ва 117-моддаси 2-қисми (Хавф остида қолдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.