Наманганда номаълум махлуқнинг скелети топилди. У динозаврга тегишлими?

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ижтимоий тармоқларда динозавр скелети топилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи бу бўйича расмий маълумот берди

Хабар қилинишича, ноёб топилма Наманган тумани Қоратепа қишлоғи хонадонларидан бирида аниқланган. Хонадон эгаси иссиқхона ташкил этиш мақсадида қазиш ишларини олиб бораётган вақтда бус-бутун ҳолда сақланган номаълум ҳайвоннинг суяк қолдиқларига дуч келган. 

Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи ходимлари, Наманган давлат университети олимлари биргаликда олиб борган текшириш хулосаларига кўра, мазкур ҳайвон скелети динозаврларнинг индрокатерий турига мансуб йирик сут эмизувчи эканлиги тахмин қилинмоқда.

“Бу мавжудот сут эмизувчилар синфи, тоқ туёқлилар туркуми, гиракодонтлар оиласига (бу оила вакиллари неоген даврида иқлимнинг кескин ўзгариши сабабли бутунлай қирилиб кетган – таҳр.) тегишли номаълум тур. Улар индрикотерийлар (Ер юзида индрикотерийлар бундан 30-20 миллион йил олдин яшаган – таҳр.) билан замондош бўлган. Топилманинг бўйи 1-1,5 метр чамасида, вазни ярим тоннага яқин”, дейди мутахассислардан бири.

Таъкидланишича, янги топилган ҳайвон скелети Наманганда аниқланган дастлабки шундай топилма эмас. 

“Бундан бир неча йиллар аввал вилоят театри атрофида қазиш ишлари олиб борилаётганда ҳам шундай скелет – бош суяги топилган, бироқ ҳозиргиси каби бус-бутун сақланмаган эди”, дейди олим.

Хабарга кўра, ҳозирда “Қоратепа” маҳалласидаги хонадондан топилган ғаройиб махлуқнинг скелетини томоша қилиш учун ҳар куни юзлаб одам келмоқда. Топилмага зиён-заҳмат етмаслиги учун ён-атрофи ўраб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида халқаро археологлар жамоаси Қизилқум чўлининг Ўзбекистондаги қисмидан 2 қаватли автобусдан ҳам катта бўлган динозаврга тегишли дум суягини топганди.


Мақола муаллифи

Теглар

динозавр

Баҳолаганлар

223

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг