Наманганда ноанъанавий тўй қилган куёв жазоланди (видео)

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда “Куёв араб шайхларига ҳавас қилган кўринади” номли тўй маросими акс этган видеоматериал кенг тарқалиб, аҳоли орасида кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Кейинчалик мазкур тўй қачон ва қаерда бўлгани аниқланди ҳамда куёв жаримага тортилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълум қилди. 

Аниқланишича, мазкур тўй жорий йилнинг 31 август куни Наманган вилоятида ўтказилган. Шундан сўнг, 2000 йилда Наманган вилоятида туғилган фуқаро (куёв) вилоят ИИБга чақирилган.

"Ўтказилган суҳбат давомида куёвнинг ташаббуси билан тўйда келинга ноанъанавий кийимлар (бурқа шаклидаги) кийдирилгани ҳамда диний куй-қўшиқлардан фойдаланиб, тадбирга диний тус берилгани аниқланди. Шу муносабат билан, суд томонидан фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1842-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди", дейилади ИИВ хабарида.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунига асосан, жинс бўйича билвосита камситиш, яъни бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни, ҳолатларни ёки мезонларни яратиш, шу жумладан гендер тенгсизликни оммавий ахборот воситалари, таълим, маданият орқали тарғиб этиш, муайян жинсдаги шахслар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ёхуд талаблар белгиланишига йўл қўйилмайди. Ушбу Қонуннинг 29-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг 10-моддасига биноан, мамлакат ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади. Ушбу қонуннинг 5-моддасига кўра, мамлакатда виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликларидан бири сифатида жамоат тартибига, фуқароларнинг соғлиғи ва ахлоқига, ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид солувчи диний ғоялар ҳамда қарашларнинг сингдирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш белгилаб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, қабул қилинганди. Унга кўра, миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларнинг бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Наманган тўй

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made