Наманганда фуқаро ИИБ ходимларини пичоқлади
3-саҳифа
−
14 Август
9141Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида фуқаро пичоқ билан ички ишлар ходимларига жароҳат етказди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат жорий йилнинг 29 июль куни содир бўлган. Соат 20:50 да Фарғона маҳалласида яшовчи фуқаролар мурожаат қилиб, К.Қ. исмли шахс аҳоли тинчлигини бузаётгани ва жанжал қилаётгани бўйича туман ИИБга хабар қилган. Ҳудудга тунги хизматга бириктирилган 2 нафар профилактика инспектори ҳодиса жойига етиб бориб, К.Қ. томонидан содир этилаётган безорилик ҳаракатларининг олдини олмоқчи бўлган.
Бироқ фуқаро ходимларнинг қонуний талабларини бажармай, уларга фаол қаршилик кўрсатган ҳамда қўлидаги хўжалик пичоғи ҳамда ёғоч бўлаги билан уларни уриб жароҳат етказган.
Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва айбланувчи қамоққа олинган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Тошкент туманида ўз хизмат вазифасини олиб бораётган профилактика катта инспектори фуқаро томонидан пичоқлангани ҳақида хабар берилганди.