Наманганда дўлга қарши снаряд учирилди
Жамият
−
20 Май 5012 2 дақиқа
Жорий йил май ойининг ўтган бир неча кунида Наманган вилоятида кучли ёғингарчилик ва дўл ёғишига қарши снаряд-ракеталар қўлланилган. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Ахборотда билдирилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда баҳорги қисқа муддатли кучли ёғингарчилик (ёмғир, жала, дўл) ҳолатларини кўпайган. Айниқса, қисқа вақт ичида жуда кўп миқдорда ёғинлар ёғиб, сел ва сув тошқинларини келтириб чиқарган.
Шу муносабат билан жорий йилда Наманган вилоятининг Косонсой ва Янгиқўрғон туманларида 1, 11 ва 12 май кунлари дўл ёғишининг олди олиниши учун булутларга жами 57 дона “Алазан-6” дўлга қарши ракеталари учирилган ҳамда дўл жараёни заифлаштирилган. Шу билан бирга, конвектив булутларга таъсир кўрсатиш ишлари олиб борилгандан сўнг ҳам қисқа муддатли дўл ҳодисалари кузатилиб туриши таъкидланган.
Маълумот учун, “Алазан-6” – қишлоқ хўжалиги экинларини дўл хавфидан ҳимоя қилишга мўлжалланган дўлга қарши махсус ракета. У булутларга реактив усулда махсус реагентлар (масалан, кумуш ёдид) сепиб, уларнинг таркибини ўзгартиради ва вайронкор дўл ўрнига зарарсиз ёмғир ёғишини таъминлайди. Унинг калибри 82 мм бўлиб, 10 километргача бўлган масофада ва 8 километрдан баланд бўлган қатламларда ҳаракат қила олади. “Алазан-6” экологик тоза компонентлардан тайёрланади ва зиён етказмаслик учун ҳаводаги портлашдан сўнг ерга мутлақо хавфсиз бўлган майда заррачаларга бўлиниб кетади. Снаряд Россия Федерациясида ишлаб чиқарилади.
Гидрометеорология хизмати агентлиги сўнгги йиллардаги таҳлилига кўра, баҳор ва ёз фаслларида дўлли жараёнлар кузатилган кунлар сони 2020 йилда 33 кун, 2021 йилда 34 кун, 2022 йилда 29 кун, 2023 йилда 24 кун, 2024 йилда 40 кунни ташкил этган. 2025 йилдан ҳозиргача эса 13 кун қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий Осиёда илк бор сунъий ёмғир ёғдирилиши ва Қозоғистон бу борада сунъий ёмғир технологияларини амалиётда қўллашга ўтган биринчи давлат бўлиши ҳақида маълумот берилганди.
Live
Барчаси