Наманганда бир-бирига нашида юборган ака-сингил судланди
Жамият
−
13 Июль 2023
22000Наманган вилояти Мингбулоқ туманида ака-сингил бир-бирига тақиқланган мазмундаги нашида ва бошқа ақидапарастлик ғоялари акс этган видеоларни юборгани учун судланди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот котиби Азиз Обидов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Манбага кўра, Мингбулоқ туманида яшовчи 23 ёшли М.А. синфдоши М.М. таъсирида диний мазмундаги тақиқланган маъруза ҳамда видероликлар орқали интернетда диний даъватлар билан шуғулланувчи қориларнинг маърузаларини эшитиб, улар таъсири остида Сурияга ҳижрат ва жиҳод амалларини бажариш учун кетмоқчи бўлган. Лекин синфдоши М.М. у ерда фитналар кўп эканлиги хақида айтгач, бориш фикридан қайтган.
У 2021 йил май ойида ишлаш мақсадида Россиянинг Қозон шаҳрига бориб, сартарошлик билан шуғулланган. Қозонда юрган пайтида Telegram ва Instagram тармоқларида шахсий профиллар очиб, яқинлари – синглиси С.А., акаси Б.А. ва синфдоши О.Қ.га диний мазмундаги тақиқланган маъруза ва видероликларни жўнатган.
Судланувчи М.А. суд залида юқорида келтирилган диний мазмундаги аудио ва видео маърузаларни яқинларига эшитиб кўришлари учун юборгани, қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, енгиллик беришни сўраган.
Суд М.А.га жазо тайинлашда айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топган.
У Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган.
Шунингдек, М.А.нинг 19 ёшли синглиси С.А.га нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан ҳукм 14 апрель куни эълон қилинган. Суд ҳужжатларида келтирилишича, судланувчи С.А. интернет орқали “ақидапарастлик ғоялари акс этган материалларни тарқатиб келган”.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосасига асосан, ушбу маърузалар диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилгани аниқланган.
Суд мажлисида С.А. диний мазмундаги аудиоёзувларни акаси М.А.га жўнатгани, акасидан у юборган аудиоёзувларни ўчириш ҳақида сўраганида, М.А. Ўзбекистонга боргунча ўчирмаслигини айтганини маълум қилган. Шундан сўнг қилган иши хато эканини тушуниб етгани, афсусда экани ва пушаймонлигини айтиб, суддан енгиллик беришни сўраган.
Судланувчи Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Шунга кўра, қизга икки йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Суд ҳукмига кўра, қиз яшаш жойидан кечқурун соат 22:00 дан эрталаб соат 06:00 гача чиқиши чекланган.
Шу билан бирга, ушбу вақт давомида қуйидаги тақиқлар қўйилган:
• оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;
• уни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш, иш ёки ўқиш жойини ўзгартирмаслик;
• Наманган вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик;
• алоқа воситаларидан, жумладан, интернетдан фойдаланмаслик.
Бундан ташқари, унга тегишли бўлган телефон ақидапарастлик материалларидан тозаланиб, давлат фойдасига мусодара қилиш, аёлга тегишли профиллар тармоқлардан ўчириб ташланиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида Telegram гуруҳида нашид тарқатган йигит 3 йилга қамалган эди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.
LiveБарчаси