Наманганда 9-синф ўқувчиси Lacetti’да ЙТҲ содир этди (видео)
3-саҳифа
−
04 Ноябрь
6883Наманган вилоятида 9-синф ўқувчиси ижарага олинган машинада йўл-транспорт ҳодисаси содир этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳолат жорий йилнинг 2 ноябрь куни 10:00 лар атрофида Наманган шаҳар Амир Темур кўчасида содир бўлган. Суриштирувларга кўра, Давлатобод туманида жойлашган хусусий мактабнинг 9-синф ўқувчиси дўсти билан Lacetti русумли автомобилни 150 минг сўм эвазига ижарага олиб, ҳайдагани аниқланган.
Ҳозирда, мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
“Эрталаб соат 9:00 да йўлга чиқдик. Машинани 150 минг сўм эвазига икки соатга ижарага олгандик. Қўрқиб кетдим жуда, ўлиб қоламан деб ўйладим. Ҳеч кимга машина ҳайдамасликни тавсия қиламан. Қайтиб, рулга ўтирмаймиз”, дейди болалардан бири.
Ҳолат юзасидан боланинг отаси билан профилактик суҳбат ўтказилди. Унга ўғли мактабга бориб келишини назоратга олиш, ҳаракатларидан доимий бохабар бўлиб туриш айтилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятида мактаб ва техникум ўқувчилари бошқарувидаги Gentra ҳамда юк машинаси ўртасида даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганди. 5 нафар мактаб ва техникум ўқувчилари томонидан ижарага олинган Gentra машинасини бошқариб бораётган вояга етмаган ҳайдовчи ҳушёрликни йўқотиб, йўлнинг ўртасини ажратиб турувчи бетон тўсиқдан ошиб, қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келаётган “ЗИЛ” билан тўқнашган. Оқибатда Gentra ичида бўлган жабрланган йўловчилар Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиали жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Бироқ ҳайдовчи олган жароҳатлари туфайли шифохонага етмасдан вафот этган. Жабрланувчиларнинг қолган 4 нафари (3 нафари 17 ёш, бир нафари эса 15 ёш) ҳам оғир ҳолатда жонлантириш бўлимида қолган.
LiveБарчаси