Наманганда трансформаторга чиққан ўқувчи ток уришидан ҳалок бўлди
3-саҳифа
−
20 Май 3228 1 дақиқа
Наманган вилоятининг Давлатобод туманида 5-синф ўқувчиси электр токи уриши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда “Миллар” хабар берди.
Маълум қилинишича, фожиа 5 май куни соат тахминан 19:37 ларда юз берган. 2013 йилда туғилган вояга етмаган бола гилос ейиш мақсадида юқори кучланишли электр трансформатори устига чиққан вақтида электр токи урган.
Марҳум боланинг яқинларини айтишича, у мактабдан келгач, кўчага ўртоқлари билан футбол ўйнаш учун чиққан. Кучли чақнаш ва портлаш овозидан кейин қўшнилар ҳодиса жойига югуриб чиққан.
Боланинг холатига кўра, қўшнилар унга биринчи ёрдам кўрсатишга уринган ва шифохонага олиб боришган. Бироқ кейинчалик бола вафот этгани маълум бўлган.
Марҳум Давлатобод туманидаги 56-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 5-“В” синф ўқувчиси бўлган.
Яқинлари трансформатор атрофи хавфсизлик панжаралари билан ўралмагани ва электр симлари тартибсиз ҳолатда бўлганини айтиб, масъулларни лоқайдликда айбламоқда. Уларнинг таъкидлашича, ҳодисадан кейин ҳудуд қисман тозаланган, бироқ ҳануз ҳимоя тўсиқлари ўрнатилмаган.
Ҳодиса юзасидан Давлатобод туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, туман электр таъминоти корхонаси ходимлари фаолияти юзасидан хизмат текшируви тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона шаҳридаги мактабгача таълим муассасасида болани юқори кучланишли ток ургани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси