Наманганда 1 млрд сўмлик тилла тақинчоқларни олиб ўтмоқчи бўлганларга ҳукм ўқилди
3-саҳифа
−
09 Март
4427Наманганда 1 миллиард сўмлик тилла буюмни божхона назоратисиз олиб ўтмоқчи бўлганларга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
2023 йилнинг 24 июль куни “Наманган–Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган Cobalt русумли автомашина “Наманган” ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Текширувлар натижасида йўловчи – Наманган шаҳрида яшовчи К.Н.нинг ёнида 1 дона ярим тайёр занжир ҳолатидаги тилла тақинчоқ борлиги маълум бўлган.
Шунингдек, мазкур йўналишда ҳаракатланаётган Lacetti ҳам Поп туманида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган, Наманган шаҳрида яшовчи, Ғ.О. га тегишли 29 дона ярим тайёр занжир кўринишидаги тилла тақинчоқлар борлиги аниқланган.
Маълум бўлишича, Ғ.О. жуда кўп миқдордаги қуйма тилла маҳсулотларини нотаниш шахслардан сотиб олиб, уларни заргарларга занжир кўринишида ясаттирган.
Ўз навбатида, К.Н. ушбу тилла буюмларни қонунга хилоф равишда божхона назоратини четлаб ўтиб, Тошкент халқаро аэропорти орқали Ҳиндистонга олиб бориб сотишни режалаштирган.
Экспертиза хулосасига кўра, мазкур 30 дона ярим тайёр ҳолатдаги тилла тақинчоқларнинг соф оғирлиги 1 кг 516 гр бўлиб, қиймати 1 млрд 46 млн сўмга тенг.
Чегара-божхона постидагиларнинг эътиборини тортмаслик мақсадида, 958 дан юқори асллик даражасида бўлган занжир кўринишидаги тилла тақинчоқларга “916”, “22КР” асиллик даражаси ўрнатилган.
Ҳолат юзасидан ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармасининг Тергов бўлими томонидан Ғ.О. ва К.Н.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди томонидан Ғ.О.га нисбатан 3 йил, К.Н.га нисбатан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь