Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими вафот этди

Жамият

image

Мустақилликнинг илк йилларида Наманган шаҳар ҳокими вазифасида ишлаган Акмалхон Икромжон ўғли Икромов 76 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Маълумот учун, Акмалхон Икромов 1949 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 1966-1973 йилларда Ўрта Осиё енгил саноат ва тўқимачилик институтида ўқиб, у ерни имтиёзли битирган ва инженер-механик мутахассислигини олган. Шундан сўнг, узоқ йиллар вилоят маҳаллий саноат бошқармасида турли вазифаларда меҳнат қилган. Косонсой шойи тўқиш фабрикасида филиаллар бўйича директор, Наманган шаҳар ҳалқ истеъмоли моллари заводи директори бўлган.

1992 йилдан 1994 йилгача Наманган шаҳар ҳокими бўлиб ишлаган. Икромов 2009 йилдан ҳозирги вақтгача Наманган шаҳридаги “Олмос-хим” МЧЖ кузатув кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатиб келаётган эди.  

“Акмалхон Икромов меҳнат фаолияти давомида маҳаллий саноат ривожига, ҳокимлик даврида эса вилоят марказини ободонлаштиришга катта ҳисса қўшди. Марҳумнинг порлоқ хотираси қалбларимизда абадий сақланиб қолади. У кишининг яқинлари ва оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 июль куни Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманига раҳбарлик қилган Яздурди Сафаров 80 ёшида, 6 йил давомида Нишон тумани ҳокими лавозимида фаолият юритган Ориф Тўхтамешов эса 62 ёшида оламдан ўтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Наманган Акмалхон Икромов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг