Музокараларда Россияга ишониб бўлмайди – НАТО
Олам
−
10 Апрель
7061Тинчлик музокаралари ҳақида гап кетганда, Россияга "ишониб бўлмайди". Бу ҳақда кеча, 9 апрель куни НАТО Бош котиби ўринбосари Мирча Жоанэ Британиянинг LBC радиостанциясига берган эксклюзив интервьюсида сўз очди.
"Агар улар (Россия расмийлари) охир-оқибат тинчлик ҳақида гапира бошласа ҳам, бу тинчлик ҳақида эмас, балки қайта қуролланиш ва кейинчалик яна ҳужум қилиш учун сулҳ ҳақида бўлади", деб тушунтирди у.
Жоанэнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда НАТО аъзолари мудофаани эътиборсиз қолдиргани оқибатида мамлакатлар эҳтимолий урушга тайёр бўлмаган.
"Биз мудофаани эътиборсиз қолдирдик, чунки биз тинчроқ дунёда яшаётганимизга ишонардик, ҳаммамиз ишонардик. Ҳозир эса биз шафқатсизларча янги воқеликка уйғонмоқдамиз", дейди у.
Жоанэнинг қўшимча қилишича, НАТО иштирокидаги халқаро можарони эълон қилишга "ҳеч ким тўлиқ тайёр эмас". У Украинанинг ЕИ ва НАТОга киришини муқаррар деб атади ва бўлажак президентлик сайловларида Дональд Трамп ғалаба қозонган тақдирда ҳам Қўшма Штатлар альянс билан ҳамкорликни давом эттиришига ишонч билдирди.
Маълумот учун, Москва яқинда бир неча бор тинчлик музокараларига очиқлигини таъкидлаган. Лекин бу Москванинг шартларига кўра, шу жумладан, тўғридан-тўғри ҳарбий можаро бошланганидан кейин босиб олинган ҳудудларни тан олишини ўз ичига олиши кераклиги билдирилган. Украина эса Россия қўшинларини сўзсиз олиб чиқиб кетилишини, Москва товон тўлашини ва 1991 йилги умумеътироф этилган чегараларга қайтишни талаб қилмоқда.
Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокараларининг сўнгги босқичи 2022 йил 29 март куни Истанбулда бўлиб ўтди. Улар тахминан уч соат давом этди. Ўша йилнинг 4 октябрида Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг мамлакат Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши Россия Президенти Владимир Путин билан музокара олиб бориши мумкин эмаслиги ҳақидаги қарори кучга кирди.
LiveБарчаси