Европа Ғазоси. Қитъадаги энг йирик мусулмонлар қирғини
Таҳлил
−
13 Июль
13041Ҳар йили июль ойининг биринчи ярмида Болқон ва Европанинг бошқа давлатларидан, ҳатто дунёнинг турли бурчакларидан минглаб аёллар заҳри узоқ йиллик бўлган алам ва дард билан Босния ва Герцеговинага ташриф буюради. Уларни бу ерга чорловчи ягона омил эса мамлакат шимоли-шарқида жойлашган кичик кончилар шаҳарчасидир. Ҳа, бу ўша бундан 29 йил олдин, аниқроғи 1995 йилнинг 11-13 июль кунлари серб миллатчилари томонидан минглаб мусулмон эркаклар қириб ташланган, жасадлари эса улкан машина балонлари остида қолдирилган Сребреница шаҳарчаси.
Қирғин учқунлари
1990 йилларда социалистик лагерь дунё сиёсатида ўзининг охирги кунларини яшаётган эди. 1991 йилдаги СССРнинг шов-шувли қулаши ундан ранг олган бошқа шундай иттифоқларнинг ҳам йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлди. Номи кўпчиликка таниш бўлган собиқ Югославия шундай тақдирга йўлиққанди. Дастлаб 6 та давлатни, Босния ва Герцеговина, Сербия, Хорватия, Македония, Словения ва Монтенегрони ўз ичига олган Югославия Социал Федератив Республикаси аста-секин сочилишни бошлайди. Иттифоқдан дастлаб Словения, Хорватия ва Македония 1991 йилда, Босния эса 92 йилда ажралиб чиқади. Албатта, бундай ўзгаришлар муаммоларсиз кечмайди. Ана шундай муаммоларнинг энг даҳшатлиси эса айнан Боснияда юз беради. Бу пайтда мазкур ҳудудда миллатлар ва диний мансублик бошқа иттифоқдош мамлакатларга қараганда анча ранг-баранг бўлиб, мамлакат аҳолисининг деярли ярмини мусулмонлар ташкил қилган. Европадаги бир давлат аҳолисининг бундай таркиб топиши, бу ерларда ўрта асрдаги Усмонийлар ҳукмронлиги билан боғлиқ. Шундай қилиб, СССРнинг укаси бўлган Югославияда ўтган асрнинг 90 йилларида шафқатсиз серблар томонидан ўта аянчли тарих ёзилади. Югославиянинг асл эгаси бўлган серблар иттифоқ таркибидаги давлатларнинг мустақиллигини ҳазм қила олмаслиги, кейинчалик уларнинг қўли қонга, номлари эса шармандаликка булғанишига сабаб бўлди.
Босния мустақилликка эришиши биланоқ БМТга қабул қилинди. Аммо бу пайтда собиқ Югославияда фақатгина 2 давлат, бутун иттифоқни бошқарган Сербия ва Монтенегролар қолганди. Ўз бошқаруви остидаги йирик социал лагернинг парчаланишидан дарғазаб бўлган серблар энди бу жараёнга парчалаш билан жавоб қайтаришга киришди. Босния мустақиллик эълон қилгач, бу давлат таркибида яшаётган серблар Серб Республикаси тузилганини маълум қилади. Бундай айирмачилик расмий Белград қўллови остида рўй беради. Бироқ бу улар томонидан тузилган режанинг бир қисми эди, холос. Сепаратистлар томонидан тузилган айирмачи давлат кейинчалик Босния ичидаги айрим ҳудудларни ҳам ўзлариники деб эълон қилади ва мусулмонларни у ерлардан қувғун қилади. Шу онда Боснияда икки йирик куч бир-бирига тўқнаш келади. Булар, этник кўпчилик бўлган серблар ва диний кўпчилик бўлган мусулмонлар эди. Мусулмонлар мустақиллик йўлидан қайтишни исташмасди, аммо айирмачи серблар ва улар томонидан тузилган Серб Республикаси Боснияни Сербия таркибига қайтаришни мақсад қилганди. Бундай истаклар қарама-қаршилиги икки томон ўртасида нақд 3 йил давом этган зиддиятли ва аёвсиз қуролли тўқнашувларга олиб келган. Айни пайтда уруш муқаррар эди ва у ўзини узоқ куттирмади. 1992 йилда айирмачи Серб Республикаси армияси ишга киришади ва Боснияни Сербияга қайтаришни мамлакат шарқидаги кичик Сребреница шаҳарчасидан бошлайди. Чунки бу шаҳарча Сербия билан чегара яқинида жойлашганди. Сребреница шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудлар Ратко Младич бошчилигидаги армияси томонидан эгалланади. Аммо 1992 йил май ойида Носир Орич исмли қўмондон Сребреница мусулмонларининг жонига оро киради ва ҳудудни қайтариб олади. Шундай бўлса-да, миллатчи сербларнинг тўхташ нияти йўқ эди. Улар ушбу воқеалардан бир йил ўтиб яна мазкур ҳудудга кўз олайтиради. 1993 йил мартида Сребреница яна серб босқини остида қолиб кетади.
Бу сафар масалага шахсан БМТнинг ўзи аралашади ва шу йилнинг май ойида Хавфсизлик Кенгаши Сребреницани қуроллардан ҳоли ҳудуд деб эълон қилади. Сребреница атрофидаги Поточари қишлоғига эса тинчликпарвар миссия юборилади. Аммо бу қўштирноқ ичидаги тинчликпарвар кучлар эди ва уларни ҳарбийлар ҳам деб бўлмасди. Нима учунлигини эса кейинроқ билиб оламиз. Хуллас, мазкур масала юзасидан БМТ резолюцияси қабул қилинади ва у ўз мазмунига кўра Сребреницада қуролли можаролар содир этмасликни билдирарди. Аммо…
Сребреница қирғини
1995 йил март ойида ўзини-ўзи автоном деб эълон қилган Серб Республикаси президенти Радован Караджич ўз ҳарбий кучларига “Сребреница аҳолисини омон қолиш ёки ҳаётга умид қилмаслик даражасига тушириш ва чидаб бўлмас тўлиқ ишончсизлик ҳолатини яратишга" кўрсатма берди. Бу эса амалда шаҳарчадаги мусулмонларни ҳам маънан, ҳам жисмонан йўқ қилишни англатарди. 1995 йилнинг май ойига келиб босниялик серб аскарлари томонидан озиқ-овқат ва бошқа материалларга эмбарго жорий этилди. Бу эса шаҳардаги босниялик жангчиларнинг аксариятини ҳудудни тарк этишга мажбур қилди. Июнь ойининг охирида, ҳудудда қолган бир неча босниялик мусулмон жангчилар билан бир қанча тўқнашувлардан сўнг, серб ҳарбий қўмондонлиги қирғин билан якунланган Криважа 95 кодли операцияга расман буйруқ берди.
Ҳужум 1995 йил 6 июлда бошланди, серб кучлари жанубдан олдинга силжиб, йўлда боснияликларнинг уйларини ёқиб юборди. Бетартиблик ва террор шароитида минглаб тинч аҳоли Сребреницадан қочиб, яқин атрофдаги Поточари қишлоғига кетишди, у ерда эса осмонга огоҳлантирувчи ўқ узишдан нарига ўта олмайдиган бир неча юзта голланд тинчликпарвар кучлари жойлашганди. Ушбу тинчликпарвар кучлар мусулмонларни ҳимоя қила олмади, уларнинг аксари таслим бўлди, қолганлари эса серб ҳарбийларига қарши чиқмади. Орадан 5 кун ўтиб, 11 июль куни Босния сербларининг ҳарбий раҳбари Ратко Младич Сребреница бўйлаб сайр қилди ва серб журналистига қараб “Биз бу шаҳарни серб халқига берамиз... Мусулмонлардан ўч олиш вақти келди”, дея таъкидлайди.
11 июлга ўтар кечаси 10 000 дан ортиқ босниялик мусулмонлардан иборат колонна хавфсизликка эришиш мақсадида Сребреницадан зич ўрмон орқали йўлга чиқади. Эртаси куни эрталабдан бошлаб, серб зобитлари одамларни таслим бўлишга ундаш учун хавфсизлик ҳақида ёлғон ваъдалар беради. Хийла қурбони бўлган минглаб мусулмонлар таслим бўлган ҳолда асирга олинади ва кейинчалик ваҳшийларча қатл этилади. Ўша куни можаро аввалида Поточаридан қўним топган босниялик қолган мусулмонлар ҳам серб кучлари томонидан содир этилган террор, жумладан, қотиллик ва зўрлаш туфайли жисмонан йўқ қилинди ёки ҳудуддан қувиб чиқарилди. Баъзи қотилликлар 12 июль куни кечқурун содир бўлди, лекин асосан кўзлари боғланган босниялик мусулмон эркакларни қатл қилиш жойларига оммавий эвакуация қилиш 13 июль куни кечқурун бошланди. Братунаcдаги футбол майдони, Власеница яқинидаги бир нечта ўтлоқлар ва далалар, Кравицадаги омбор, Каракайдаги завод, Ораҳоваcдаги мактаб, Cерска водийсидаги тупроқ йўл ва Пилиcадаги маданият маркази босниялик ислом динига эътиқод қилувчи эркаклар, ёш йигитлар ва ҳатто болаларнинг қони ва ўлимидан олдинги чинқириқларига гувоҳ бўлган жойлардир.
11 июлда бошланган қатллар камида 16 июлгача давом этган. Ўшанда Бранжево қишлоғидаги совхозда юзлаб одамлар отиб ташланган. Ушбу қатлиом дунёдаги жамийки хунрезликларни ўз ичига олган тарзда содир этилган. 3-5 кун ичида расмий манбаларга кўра 8000 дан ортиқ одам йўқ қилинади. Қуролсиз, қўл-оёғи боғланган ва ҳар томонлама имконияти чекланган қамалдаги 8000 дан ортиқ бегуноҳ мусулмонлар. Ваҳшийлик шу даражада бўлганки, кейинчалик маълум бўлишича, қирғин қурбонларининг кўпчилиги қўллари ва оёқлари боғланган ва жуда кўплаб жасадларда турли даражадаги тан жароҳатлари белгилари ҳам бор бўлган. Бу эса улар ўлдирилишидан олдин, даҳшатли қийноқларни ҳам бошидан ўтказганини англатади. Энг ачинарлиси эса кўплаб марҳумлар, қатлиом қурбонларининг қабрлари номаълум бўлганлиги ва уларни йиллар давомида оммавий қабрларни топиш ва текшириш орқали аниқланганлигидир. Бу ерда инсонни таажжубга соладиган яна бир жиҳат борки, тахминларга кўра шу кеча-кундузга қадар Сребреницада қурбон бўлган мусулмонларнинг ҳаммаси ҳам топилмаган. Масалан, илк оммавий қабр 1996 йилда топилган бўлса, сўнггиси шу йилнинг 11 июлида бундан бир неча кун олдин аниқланди. Аммо катта эҳтимол билан бу сўнгги топилган қабр эмас.
Интиқом
Бу ваҳшийликнинг жазоси берилиши ва бунга жавобгарлар қачонлардир бегуноҳ мусулмон эркаклар, уларнинг оилалари ва бутун дунё олдида ўз жазосини олиши керак эди. Бу адолат бироз узоққа чўзилган бўлса-да, ҳечдан кўра кеч деганларидек, барибир юзага чиқди. Қатлиом ташкилотчиси бўлган Радован Каражич 2016 йилда Халқаро Трибунал томонидан 40 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Аммо 2019 йилда бу ҳукм бекор қилиниб, жазо умрбод қамоқ билан ўзгартирилади. Бу ваҳшийликнинг асосий ижрочиси Ратко Младич эса жуда узоқ давом этган суд процессларидан сўнг умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Бундан ташқари, 2010 йилгача бўлган даврда ҳам бир қанча уруш жиноятчилари ушбу кейс бўйича ўз улушини олишга улгурганди. Сребреница мусулмон аҳолисини таъқиб қилгани учун Драган Обренович 17 йил, қотиллик, таъқиб ва ғайриинсоний ҳаракатлар учун Видоже Благожевич 15 йил, қирғин ва инсониятга қарши жиноятларнинг ёрдамчиси сифатида Драган Жокич 9 йил, геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар учун Вуядин Попович ва Любиша Беарага умрбод қамоқ жазоси тайинланган. Шунингдек, уруш жиноятчиси Драго Николич геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар учун 35 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Халқаро ташкилотлар бу юзсизликни геноцид деб тан олди. Хусусан, Буюк Британия БМТга босниялик сербларнинг Сребреницадаги мусулмонларга қарши қилган жиноятини геноцид сифатида эълон қилиш ҳақидаги резолюция киритди. Ҳа, бу геноцид учун қайғурган, ўзи эса 2000 йиллар бошида Ироқни остин-устун қилган Британия эди. Ушбу резолюция кўпчилик овоз билан қабул қилинди. Шунингдек, БМТ ушбу воқеадан олдин Сребреницани ҳимоя қила олмагани учун узр сўрайди. Ғарб давлатлари бу геноцидни Югославиянинг бугунги меросхўри бўлган Сербия ҳукумати томонидан тан олинишига серб элитасини мажбурлади. Вучич ва ундан олдинги Серб раҳбарлари эса буни тан олмагани сабабли ҳатто Сербия учун Европа Иттифоқи эшиклари ёпилди. Аммо бу нуқтада коллектив Ғарбнинг ҳаракатларида қайсидир маънода шубҳа бордек гўё. Негаки, баъзи сиёсий таҳлилларга кўра, Европа ва Қўшма Штатлар Яқин Шарқ ва дунёнинг турли бурчакларидаги сиёсий ва ҳарбий жиноятларни хаспўшлаш мақсадида ўзларини Сребреница қалқони сифатида кўрсатишга уринган. Бўлиши мумкин. Ғарб сиёсатдонлари Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада қонга ботган қўлларини Сребреницада ювишга уринган эмас, деб айтолмаймиз. Негаки улар бутун дунё мусулмонлари олдидаги шувут юзларини бу иши орқали озгина бўлса ҳам пардалашга эришди. Аммо бу муҳим эмас. Асосийси, Сребреницани қонга ботирган махлуқлар ўз жазосини олди. Умид қиламизки, 10000 га яқин мусулмон эркакларни ўлдирганлар панжара ортида ҳар куни ўлмоқда.
Ақли кирмаган дунё ва Европа
Мана 29 йилдирки, Сребреница ва унга туташ ҳудудлардан оммавий қабрлар топилаверади, топилаверади. Қатлиом қай даражада даҳшатли ва инсонийликдан буткул йироқ тарзда амалга оширилганини, ушбу ваҳшийлик қурбонларининг аниқ сони, улар кўмиб ташланган оммавий қабрларнинг миқдори ва қаерда жойлашгани каби маълумотлар ҳали ҳам тўлиқ очиқланмаган. Масалан, 2024 йилнинг 11 июлида яъни бундан бир неча кун илгари, Боснияда қатлиом йиллиги муносабати билан Сребреница қурбонларининг 14 нафари жасадлари қайта дафн қилинди. Қайта дафн этилган 14 қурбоннинг энг кичиги 17 ёшли бола, каттаси эса 68 ёшда эди. Уларнинг жасади дастлаб оммавий қабрлардан қазиб олинган. Улар Босния шарқидаги Сребреница ташқарисидаги ёдгорлик қабристонига қўйилди. Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ўзи умуман олганда, қирғин қурбонларининг 6750 га яқини мемориал қабристонга, яна бир қисми маҳаллий қабристонларга дафн этилган.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Сребреница шаҳрида содир этилган геноциднинг 29 йиллиги муносабати билан йўллаган видеомурожаатида Ғазодаги ваҳшийлик учун айбдорлар, худди Сребреницадаги сингари, судга тортилишини айтди.
Эрдўған ўз ҳаётини Босния ва Герсеговина озодлигига бағишлаган давлат арбоби Алия Изетбеговичнинг сўзларидан иқтибос келтирди:
“Нима қилсангиз ҳам, геноцидни унутманг. Чунки унутилган геноцид яна такрорланмоқда. Бугун Ғазо сектори ва босиб олинган ҳудудлардаги Фаластин халқи 29 йил аввал Сребреницада содир бўлган ваҳшийликларга дучор бўлмоқда”, дейди Эрдўған.
Унинг айтишича, халқаро институт ва ташкилотлар бундан 29 йил аввал бўлгани каби 40 мингга яқин бегуноҳ инсон, жумладан, 16 минг бола ўлдирилганини шунчаки кузатмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ушбу қора тарихдаги адолатни тиклаш ва бу хотираларнинг ҳимоячиси бўлган норасмий ташкилот “Сребреница оналар уюшмаси” ҳам тузилган. Бир неча кун олдин ўтказилган хотирлаш маросимида уюшма президенти Мунира Субашич дунёга мурожаат қилди ва сиёсий раҳбарларга қуйидаги оғриқли сўзларни йўллади.
“Афсуски, мен шу ерда турганимда Украина ва Фаластинда бошқа оналар фарзандларини йўқотмоқда”.
Субашич ўз сўзи охирида аламли ҳақиқатни ҳам айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, дунёда содир бўлган ва бўлаётган қатлиомлардан дунё ва Европа ҳали ҳам ҳеч нарса ўрганмаган.
LiveБарчаси