Босния ва Герцеговинада сув тошқинлари кузатилмоқда. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
05 Октябрь
3560Босния ва Герцеговинанинг жануби-ғарбий қисмидаги Герцеговина-Неретва кантонида содир бўлган ҳалокатли сув тошқини оқибатида 17 киши ҳалок бўлди, яна 16 киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда мамлакат Федерал фуқаролик мудофааси бошқармасига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, кеча, 4 октябрь куни кучли ёмғир ва кўчкилар Герцеговина-Неретва кантонида ва Ябланица муниципалитетида сув тошқинини келтириб чиқарган. Федерал фуқаролик мудофааси бошқармаси 16 киши ҳалок бўлганини ва яна кўплаб одамлар бедарак йўқолганини маълум қилди.
“Бизда мавжуд маълумотларга кўра, Ябланица ва Кониц шаҳри яқинидаги Бутурович Поле қишлоғида жами 17 киши ҳалок бўлди, яна 16 киши бедарак йўқолди”, деди Босния ва Герцеговина Федерацияси ҳукумати Бош вазири Нермин Никшич.
Қайд этилишича, мамлакат ҳукумати сув тошқинидан жабр кўрган ҳудудларга вазиятни баҳолаш учун армия муҳандислик бўлинмасини ва эвакуация қилиш учун Мудофаа вазирлигининг вертолётини йўналтирган, шунингдек, Европа Иттифоқи кучлари тинчликпарвар миссиясидан ёрдам сўраган. Қўшни мамлакат – Сербия Президенти Александр Вучич ёрдам беришга тайёр эканини билдирган. Босния ва Герцеговинанинг Серб Республикаси Президенти Милорад Додик эса зарар кўрган ҳар бир муниципалитетга 25 минг евродан ажратилишини маълум қилган. Сербия патриархи Павел ҳам жабр кўрган оилаларга ёрдам учун черков маблағларидан 100 минг евро ажратишга кўрсатма берган.
Кеча, 4 октябрь куни Босниянинг сайлов комиссияси сув тошқинидан зарар кўрган муниципалитетларда шу ҳафта охирида ўтказилиши керак бўлган маҳаллий сайловларни кечиктиришга, лекин бошқа жойларда сайловларни давом эттиришга қарор қилган.
Маҳаллий метеорологлар бундай кескин об-ҳаво иқлим ўзгаришлари билан боғлиқлигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Непалда 2002 йилдан бери рекорд даражада ёғган ёмғирдан сўнг кузатилган сув тошқинлари оқибатида 170 киши ҳалок бўлгани, яна 42 киши бедарак йўқолгани ҳақида хабар берилган эди.